Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таксичиларни ҳақорат қилган Янгийўл ЙҲХБ катта инспектори ишдан олинди

Жорий йилнинг 22 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ИИБ ЙҲХБ катта инспектори, лейтенант У.Замоновнинг туман йўналишсиз такси ҳайдовчиларига нисбатан ҳақоратли муносабати аудио ёзувда тарқатилди.

Тарқатилган аудио ёзув юзасидан 23 октябрь куни соат тахминан 21:30 ларда Янгийўл шаҳрида жойлашган ЙҲХБ маъмурий биноси атрофига тахминан 100 га яқин йўналишсиз такси ҳайдовчилари ушбу ҳолатга изоҳ берилишини сўраб йиғилишган.

Шунда вилоят ИИББ 4-минтақавий ҳудуд, Янгийўл шаҳар ва туман ИИБ раҳбарлари йиғилганлар билан учрашиб, ЙҲХБ катта инспектори У.Замоновга нисбатан ҳозирда хизмат текшируви ўтказилаётгани, барча тўпланган ҳужжатлар прокуратура идораларига юборилиб, қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши тушунтирилганидан сўнг йиғилганлар тарқалди.

Тошкент вилояти ИИББ томонидан олиб борилган батафсил текширув ишлари натижаларига кўра, У.Замонов дастлаб мазкур аудио ёзув унга тегишли эмаслигини, телеграм ижтимоий тармоғидаги норасмий каналларда хабар қилинган бўлса-да, текширув давомида аудио ёзув ҳақиқатдан ҳам ўзига тегишли эканлигини маълум қилди.

Шунингдек, У.Замонов ўзининг тушунтириш хатида жорий йилнинг 22 октябрь куни телеграмдаги “Водители Янгиюля” номли гуруҳда такси ҳайдовчилари томонидан ЙПХ ходимларини камситувчи постлар тарқатилганидан сўнг уларга жавобан ушбу ҳақоратли аудио ёзувни юборганлигини тан олган.

ЙПХ инспектори ушбу хатти-ҳаракатлари билан фуқаролар ўртасида ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар келиб чиқишига ҳамда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганлиги учун вилоят ИИББ раҳбариятининг кўрсатмасига асосан ЙҲХБ катта инспектори лейтенант У.Замонов эгаллаб турган лавозимидан четлатилди.

Ҳозирда прокуратура томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Янгийўл тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари жорий йилнинг 1 октябрь кунидан 23 октябрь кунига қадар, вилоят транспорт бошқармаси билан ҳамкорликда “Лицениясиз йўловчи ташиш” фаолияти билан шуғулланаётган 56 нафар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштириб, автоуловлар жарима майдончасига жойлаштирилган. Ўтказилган “Рейд” тадбирлари давомида лейтенант У.Замонов шахсан иштирок этганлиги аниқланди.