Пахтачи тумани ЙҲХБ бошлиғига хизмат текшируви тайинланди

8 май куни Пахтачи тумани Мустақиллик кўчасида "9 май - Хотира ва қадрлаш” куни муносабати билан ўтказилаётган тадбир вақтида, "Damas" русумли транcпорт воситаси тадбир ўтказилаётган жойга ўтиб кетишга уринган.

Ҳолатни Пахтачи тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи кўриб, ҳайдовчига тадбир бўлаётганлигини тушунтириб, туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходимларига транспорт воситаси ҳужжатларини текшириб кўришни айтган.

Транспорт воситаси ҳужжатларини текшириш давомида, кунлик йўл варақаси йўқлиги аниқланган ва ушбу ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган.

Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи М.Тоғаев ҳамда ҳайдовчи ўртасидаги мулоқотда иштирок этган ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинган.