Zarafshonbot`га мурожаат: Ўзим бўлмаган жой — Намангандан “тезликни оширганим учун” жарима қоғози келди
Бундан олдин ҳам фоторадарлар хато қилиши ҳақида эшитгандим, аммо ишонмасдим. Бугун ўзимга жарима хати келгач амин бўлдим.
Унда шундай ёзилган:
“Мен Наманган вилояти Поп тумани ИИБ ЙҲХБ инспектори Абдувоҳидов Исломбек Атхамжон ўғли махсус автоматлаштирилган фото ва видео мосламалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши тафсилотларини кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқладим:
2022 йил 4 январь куни соат 21:37да Наманган вилояти Наманган шаҳри И.Каримов кўчаси йўналишида Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри 29-даҳа 1/56 да рўйхатда турувчи Мамарасулов Шоҳруҳ Фахриддин ўғли фуқаро “МАТИЗ” русумли 30P 369 PA давлат рақам белгили транспорт воситасида 70 км/с тезлик чегараланган жойда 91 км/с тезликда ҳаракатланиб келган. Бу билан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 128Х3 моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этган”.
Аслида эса ўша куни ўзимга тегишли “Матиз” русумли автомашинам билан Самарқанд шаҳри ҳудудидан чиқмаганман. Буни шаҳардаги мусиқа ва санъат мактаби видеокузатув камерасидаги тасвирлар ҳам исботлайди.
Қолаверса хатга тушган суратда машина “Матиз”га ўхшамайди, назаримда. Бу каби хатоликлар билан фуқаролар асаббузарликларга, ортиқча вақт йўқотишларга учраяпти.
Мен ва мен кабилар дуч келган бу муаммони ким ҳал қилади? Хато қилган фотоқурилма ва хат йўллаган инспекторга ҳам чора кўриладими?
Шоҳруҳ Мамарасулов, Самарқанд шаҳри.