«Автойўл» билан «ГАИ»ни қўшиб юбориш керак. Токи, йўллардаги абгор ҳолатларга битта ташкилот жавобгар бўлсин
Ҳар биримиз остона ҳатлаб кўчага чиқарканмиз, йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. Табиийки, хонадонимизга соғ-саломат қайтиб келишимиз қайсидир маънода кўчаларимизда ҳаракат хавфсизлиги қанчалик таъминланган, бу борадаги қоидаларга ўзимиз нечоғлик амал қилишимиз билан боғлиқ.
Албатта, мавжуд инфратузилма ёки ҳаракат иштирокчиларининг саводхонлиги ва маданияти ҳақида ҳам узоқ гапириш мумкин. Аммо айни дамдаги қораламаларимиз бироз бошқа йўналишда...
Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан берилган маълумотга кўра, 2022 йилда вилоят бўйича 1154 та йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) қайд этилган (2021 йилда бу рақам 1129 та бўлган).
Шукрки, ўлим билан боғлиқ ЙТҲлари 2 тага (280-278), ҳалок бўлганлар сони 5 тага (335-330) ҳамда болалар иштирокидаги ЙТҲлари сони 3 тага (236-233), уларда ҳалок бўлган болалар сони 2 тага (54-52) камайган.
Бироқ тан жароҳати билан боғлиқ ЙТҲлари 27 тага (849-876), уларда тан жароҳати олганлар 118 тага (1003-1181) ошгани кишини мулоҳаза юритишга ундайди.
Кунига 150 дан кам эмас
Йўл-транспорт ҳодисаларининг 523 таси соат 16:00-24:00 гача вақт оралиғида содир бўлган. 507 таси соат 08:00 дан 16:00 гача, қолганлари 00:00 дан 08:00 гача бўлган вақтда қайд қилинган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг 30,6 фоизи ёки 362 таси халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларида юзага келган. Шунингдек, 275 таси давлат аҳамиятидаги, 353 таси маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари ва 191 таси шаҳар, аҳоли пунктларида содир бўлган.
Энг кўп автоҳалокатлар пайшанба (200 та) ва сешанба (182 та) кунларига тўғри келган. Ҳафтанинг ҳеч бир кунида йўл-транспорт ҳодисалари сони 150 тадан кам бўлмаган.
Энг кўп қоидабузарлик тезлик билан боғлиқ
Ўтган йили вилоятда содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 537 таси ёки 45,5 фоизи пиёдаларни уриб юборишни ташкил қилган. Шунингдек, 362 таси тўқнашув, 116 таси велосипедчини уриб юбориш, 67 таси бирор тўсиққа бориб урилиш, 56 таси ағдарилиш, 30 таси турган транспортга бориб урилиш, 3 таси от аравани уриб юбориш, 10 таси бошқа турдаги йўл-транспорт ҳодисаларидир.
Келиб чиқиш сабабларига кўра, энг кўп қоидабузарлик (34,3 фоизи) белгиланган тезликка риоя қилмаслик (406 та) оқибатида содир бўлган. Бундан ташқари, 157 та ҳодиса қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш, 136 таси эса оралиқ масофани сақламаслик сабаб юз берган.
Бундан ташқари, 86 та йўл-транспорт ҳодисаси пиёдаларнинг қоидабузарликлари, 66 таси пиёдалар ўтиш жойида пиёдага йўл бермаслик туфайли келиб чиққан. Шу ва ўтган йили 18456 та пиёдалар қоидабузарликлари аниқлангани йўл ҳаракати иштирокчиларининг савияси ва ўзаро ҳурматини кўрсатиб турибди.
Чоралар кўриляпти...
Ўтган йили 2021 йилга нисбатан 9229 та кўп, аниқроғи, 347 минг 379 та қоидабузарлик аниқланган. Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан ваколат доирасида бўлган 357 минг 305 та маъмурий баённома бўйича ҳуқуқбузарлардан 61 миллиард 128 миллион сўм жарима ундирилган.
Бугунги кунда тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида «Атлас» компаниясининг 10 та «Кобальт» ва «Нексия-3» русумли автомашиналар имкониятларидан фойдаланилмоқда. Улар ёрдамида ўтган йили 395 минг 377 та қоидабузарлик аниқланиб, 100 миллиард 405 минг сўм миқдорида жарима ундирилган.
Мутасаддиларнинг қайд этишича, яқин кунларда Самарқанд шаҳридаги 14 та участкада 52 та кузатув камераси ўрнатилади. Давлат раҳбарининг тегишли қарори асосида ўрнатилаётган бу қурилмалар йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишини аниқлайди. Улар хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлиши билдирилмоқда.
Аммо бу янгилик айнан қачон амалиётга киритилишининг аниқ муддати йўқ.
Эски услуб, янгиликлар муддати номаълум
Вилоят ИИБ ЙҲХБ масъуллари йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида 2022 йилда вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларига 3944 дона етишмайдиган йўл белгилари, 33550 погонаметр 1-тоифали муҳофазаловчи тўсиқлар ва 423 дона йўналтирувчи устунчалар ўрнатилиб, 5075 дона эскирган йўл белгилари алмаштирилганини қайд этмоқда.
Шунингдек, 41 та жойда янги пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилиб, 4 та янги ер ости пиёдалар ўтиш жойи қурилган. 47 жойга светофор ўрнатилган ва вилоят бўйича 42 та мактаб олдида 78 та сунъий нотекисликлар ўрнатилган.
Кўриниб турибдики, тизимда иш услуби ҳамон эскича юритилмоқда - етишмайдиган йўл белгилари ўрнатилади, эскирганлари алмаштирилади...
Электр энергияси таъминотидаги муаммолар сабаб шаҳар кўчаларида светофорлар ишламаётгани ва оқибатда йўлларда сунъий тирбандликлар ҳосил бўлаётгани ҳайдовчиларнинг савиясизлиги билан баҳоланяпти. Аммо светофорларга қуёш батареялари ўрнатиш ҳақидаги таклифимизга «бу борада дастур ишлаб чиқилган», деган жавоб қайтарилди.
- Унда барча светофорлар электр таъминотида узилишлар бўлганда ҳам фаолият кўрсатиши таъминланиши белгиланган, - дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ш.Бойхўрозов.
- Хўш, қачон?
- ...
Шунингдек, кўҳна кентдаги светофорлар электр энергияси бўлмаган вақтда тўхтаб қолмаслиги учун аккумулятор қурилмалари ўрнатилганини билдирди. Аммо улар қанчалигига ҳам тўхталмади.
Мутасаддилар кечирилмайди, аммо ...
Қайд этилишича, 82 нафар масъул шахсга йўлларни сақлаш қоидаларини бузгани ҳамда йўлларнинг қатнов қисмида таъмирлаш ишлари олиб бориш жараёнида вақтинчалик йўл белгилари ва тўсиқлар ўрнатиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмаганлиги учун маъмурий чоралар кўрилган.
Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари (1154 та) таҳлилига асосан вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларида мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан 2022 йилда йўл хўжалиги ташкилотларига 53 та, ҳудудий ҳокимликларга 30 та тақдимномалар киритилган.
Вилоят ИИБ ЙҲХБнинг мазкур маълумотидан биргина тақдимнома ижро қилинганини англаш мумкин. Қолган мутасаддилар маъмурий жарима қўллаш билан «вазиятдан чиқиш»ган, деган хулоса қилиш мумкин. Аммо йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тегишли инфратузилмани йўлга қўйиш ишлари бажарилмай қолган.
Таклифимиз бор
Мавжуд вазиятдан – йўлларда инфратузилма етарлича йўлга қўйилмагани, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда замонавий воситаларни ўрнатиш жадал амалга оширилмаётгани ва бунинг ортидан ҳалокатлар сони камаймаётгани бу борада қонунчиликка, балки мавжуд тартибларга ўзгартиш киритишни тақозо қилади. Бизнингча, йўлларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларни ҳам ЙҲХБ тузилмасига ўтказиш зарур. Токи, қайсидир йўлдаги амалга оширилаётган таъмирлаш ишларида хавфсизлик таъминланмай қолмасин ёки кейинчалик юмушлар чала бўлмасин.
Шунингдек, йўлларда тезликни ўлчаш ва бошқа қоидабузарликларни қайд қилиш воситаларини ўрнатиш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари билан эмас, ҳудудий ЙҲХБ билан шартнома тузилиши керак. Чунки йўлларда ҳаракат хавфсиз ва тартибли бўлишидан энг манфаатдор орган айни шу тузилма саналади. Замонавий воситалар ўрнатилишида ҳам уларга манфаатдорлик берилса, бу борадаги ишлар янада жадаллашиши турган гап.
Умуман, ЙҲХБ, собиқ автойўл ва ободонлаштириш бошқармаларининг ҳудудий йўлларга бириктирилган қисмини ягона ташкилотга айлантириш зарур. Бизнингча, йўлни қуриш, уни жиҳозлаш ва ҳаракатни тартибга солиш битта идоранинг зиммасида бўлиши керак.
Ёқубжон Марқаев.