ЙҲХБ расмийлари ҳаракат хавфсизлиги бўйича маълумотларни очиқлади
Жорий йилнинг 11 ойида вилоят ҳудудида 954 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилиб, 827 нафар шахс тан жароҳати олган, 305 киши ҳалок бўлган.
Йўл транспорт ҳодисаларининг 153 таси болалар иштирокида содир этилган бўлса, улар оқибатида 123 нафар ёш тан жароҳати олган, 34 нафар бола ҳаётдан бевақт кўз юмган.
Мазкур рақамлар вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди.
Албатта, кўрсаткич бу даража бўлмаслиги бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам қайд қилинди. Хусусан, вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига бевосита бўйсунувчи йўл патруль хизмати батальони 4 та йўл патруль хизмати отрядларининг инспекторлари 2 сменада хизмат олиб бормоқда.
Улар 106 та (JPRS воситалари орқали назорат қилиб борилади) хизмат транспорт воситаси, 314 та марказлашган серверга уланган бодикамера, маъмурий баённомаларни расмийлаштириш учун 285 та Е -планшет билан таъминланган.
Бундан ташқари, вилоятда 29 та онлайн (9 та кўчма автокон, 20 та қўзғалмас) фоторадарлардан фойдаланилмоқда. Йўллардаги қоидабузарликларни аниқлашда инсон омилини чеклаш учун шаҳар-туманлар марказий кўчаларига ўрнатилган онлайн камералар ёрдамида 97020 та қоидабузарлик аниқланиб, 26 млрд. 936 млн. сўм жарима жазолари тайинланган.
Аммо бу етарли бўлмаяпти Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлилига кўра, 416 таси ёки 43,6 фоизи пиёдаларни уриб юборган, 328 тасида тўқнашув бўлган.
Келиб чиқиш сабаблари бўйича энг кўп йўл-транспорт ҳодисаси белгиланган тезликни ошириш (387 таси ёки 40,5 фоизи) ва оралиқ масофани сақламаслик (114 таси)дан экан.
Шунингдек, 63 та ЙТҲ чарчоқ туфайли рулда ухлаб қолиш, 23 таси чорраҳадан ўтиш, 94 таси йўналишни кескин ўзгартириш туфайли келиб чиққан.
Аниқ рақамлар шуки...
Жорий йилнинг ўтган 11 ойида вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларига 1524 та етишмайдиган йўл белгилари ўрнатилиб, 1059 та эскирган йўл белгилари алмаштирилган. Шунингдек, 600 та йўналтирувчи устунчалар ўрнатилган, 624 та жойда сунъий нотекисликлар яратилган, 24 та жойда янги пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилган.
Бундан ташқари, 29 та жойга светофор ўрнатилган (Айни пайтда вилоятда 253 та светофор объекти мавжуд).
Бевосита шаҳар-туман ИИБ ЙҲХБ бошлиқлари ҳамда отряд командирлари томонидан (ҳомий ташкилотларни жалб қилган ҳолда) халқаро ва давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлларидаги 145 та пиёдалар ўтиш жойи ҳамда 47 та қайрилиб олиш жойи ёритилган.
Хавфсизликка барча масъул
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида йўл хўжалиги ташкилотларига 80 та, шаҳар-туман ҳокимликларига 30 та тақдимнома киритилган.
Аммо масъулларнинг барчаси ҳам бу масалага бирдек эътибор қаратмаяпти. Мисол учун, йўлларни сақлаш қоидаларини бузган ҳамда йўлларнинг қатнов қисмида таъмирлаш ишлари олиб бориш жараёнида вақтинчалик йўл белгилари ва тўсиқлар ўрнатиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмаганлиги учун 72 нафар мансабдор шахсларга нисбатан МЖтКнинг 147- ва 196-моддаларига асосан маъмурий чоралар кўрилган.