Таълим ва муаллимга янгича ёндашув керак

Таълим соҳасидаги ислоҳотларни тезлик билан амалга ошириш ва бу борада юқори натижаларга эришиш осон иш эмас. Негаки, мамлакатимиз таълим тизими тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммолар илдиз отганига ярим асрдан кўпроқ вақт ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 август куни таълимни ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳа учун қимматли фикр-мулоҳазаларни баён этди.
Дарҳақиқат, таълим-тарбияни муаллимларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Боғча, мактаб, лицей, коллеж, техникумлардан тортиб, олий таълим муассасаларигача илмли, маданиятли, маънавиятли, фидойи, керак бўлса қаттиққўл, замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан яхши хабардор муаллимлар, мураббийлар жуда зарур.
Кейинги ўттиз-қирқ йил ичида муаллимни таълимдан, илмдан, илм даргоҳидан узоқлаштирдик. Унинг эл орасидаги обрў-эътиборини тўкдик. Уларни ўқувчи, талаба-ёшлар олдида мутега айлантириб қўйдик. Педагогларнинг шу касбни танлаганликларидан боши эгилди, пушаймон бўлди. Айниқса, эркак муаллимлар иложсизликдан - рўзғори, бола-чақасининг кам-кўстини тўлдириш илинжида мамлакат ичида, ташқарисида бошқа ишлар билан машғул бўлди.
Ўқитувчи борки, ҳар йилнинг март-апрель ойидан бошлаб чигит экиш, ғўза яганаси, қатқалоғи, ўтоғига жалб этилди. Ёз бўйи дам олиш, соғлиғини тиклаш, ўз устида ишлаш ўрнига чорвага хашак йиғди, кўча тозалади, катта йўл ёқаларидаги бинолар деворлари ва дарахтларни оқлади, кўчат экди, маҳалла ва гузарларни обод қилди. Сентябрь-октябрь ойларида пахта йиғим-теримига борди. Хуллас, педагог хўрланди, камситилди, оёқ ости қилинди, маънан, жисмонан азоб-уқубатларга дучор қилинди.
Хайриятки, бугун ушбу соҳа вакиллари пешонасига офтоб, елкасига шамол тегди, меҳнати моддий ва маънавий қадрланадиган замон келди. Муаллимнинг таълим-тарбиявий фаолиятига салбий таъсир этадиган сунъий тўсиқлар олиб ташланди. Ойлик маошлар пайдар-пай ошириляпти, ортиқча қоғозбозлик, мажлисбозлик, эзма-чўриклик, ҳашарбозлигу хўжакўрсин учун қилинадиган кўплаб тадбирларга барҳам бериляпти.
Бунинг самарасида мамлакатимиз бўйича 13 минг нафарга яқин эркак ўқитувчи мактабга қайтди. Чунки энди уларга мактабларда муносиб ўрни бор.
Афсуски, таълимдаги муаммолар бу билан камаймаяпти. Хўш, таълим тизимидаги камчилик ва нуқсонларни қандай бартараф этиш мумкин?
Биринчидан, боғча, мактаб, лицей, коллеж, туман ва вилоят халқ таълими бўлимларига раҳбарлар ҳали ҳам аввалги, эскича услубда танланаётганлиги, таълим тизимини бошқаришдаги муаммолар соҳа ривожига катта тўсиқ бўляпти. Президентимиз талаб қилаётганларидек, халққа хизмат қилиш тамойили асосида кадрлар, раҳбарлар танланса ва тайинланса ёки сайланса эди, қўли эгри, порахўр, мансабпараст, дунёқараши, маънавияти ва маданияти паст, сўконғич, ўзидан бошқани менсимайдиган “бошлиқлар” бу муассасалар раҳбарлигига тасодиф равишда келиб қолмас эди.
Иккинчидан, боғча, мактаб, лицей, коллежларга тарбияланувчи-таълим олувчиларни қабул қилишдаги қинғирликлар. Бунда шу муассасаларнинг нафси ҳакалак отган раҳбарлари билан бир қаторда, фарзандларини таълим муассасасига олиб келаётган ота-оналар, бобо-бувиларнинг ҳам айби йўқ эмас. Уларнинг ҳам кўпчилиги янги давр руҳини, талабини ҳали тўласинча англаб, тушуниб етганлари йўқ. Агар улар бу соҳадаги коррупцияга барҳам беришда фаол ва Президентимиз тарафида бўлганларида эди, бу борадаги ишлар анча самарали бўлар эди.
Учинчидан, таъкидлаб ўтилган таълим муассасаларига тарбиячи-педагогларни ишга олишдаги муаммолар. Таълимда сон, миқдор, албатта, том маънодаги сифатга айланиши шарт, йўқса барча қилинаётган ишлар, саъй-ҳаракатлар бесамар кетади. Таълим, ундаги сифат ва самарадорлик ҳар томонлама ва тўлиқ равишда тарбиячига, муаллимга, унинг педагогик салоҳияти ва маҳорати, тажрибасига боғлиқ. Олиб бориладиган машғулотнинг, дарснинг техник воситалари, турли педагогик усуллар тарбиячи, муаллимнинг жонли ва таъсирли мулоқоти, маҳорати, малакаси ва тажрибаси олдида иккинчи даражали воситалардир. Тарбиячилар, муаллимлар эса турлича билим, дунёқараш, фазилатлар ва ҳар хил феъл-атворга эга турфа хил инсонлардир. Улар олий таълим муассасаларида гуруҳ-гуруҳ, курс-курс ҳолида таълим-тарбия олаётган бўлсалар-да, ҳеч қачон конвейрдан чиқадиган бир хил андозадаги товарлардек ёки катта-кичик пайкалларга экиладиган қишлоқ хўжалик экинлари маҳсулотлари каби тайёрланмайди ёки етиштирилмайди. Шунинг учун тарбиячи, муаллимларни ишга танлашда, ишга қабул қилишда уларнинг индивидуал, фазилатлари ва ўқув-педагогик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилиши керак.
Тўртинчидан, ойлик маошлари ошириб борилаётган, турли қоғозбозликлар, мажлисбозликлар, ҳашарлару таълимдан бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилинишдан бутунлай озод этилган тарбиячи, муаллимлар олдида сифатли машғулот, дарс ўтиш, кўзлари чарақлаб турган шогирдларига меҳру муҳаббат билан мукаммал билим бериш вазифаси турибди.
Хўп, ҳурматли тарбиячи, муаллимлар бунга тайёрми? Ойда-йилда битта бадиий асар ўқимайдиган, ўз мутахассислиги бўйича бирор газета ёки журналга обуна бўлмайдиган, уларни мунтазам кузатиб бормайдиган, бинобарин, ўз соҳасига доир сўнгги маълумотлар, янгиликлардан бехабар, фақат дарслик материаллари билан чегараланиб қолаётган “устоз” ўз шогирдларидан ортда қолиб кетмаяптими? Яратилаётган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, талабга лаббай деб жавоб беряптими? Элдан ортда қолмаслик учун нима қиляпти?
Бешинчидан, меҳнатни муносиб тақдирлаш муаммоси. Ҳар бир жамиятда ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган шахс ишининг сифатига қараб рағбатлантириб борилади. Бизда эса бунга ҳар доим ҳам жиддий эътибор берилмайди. Рағбатлантиришлар кўп ҳолларда ошкораликдан йироқ равишда айрим раҳбарларнинг хоҳиш-истакларига кўра амалга оширилади. Бунда баъзи бировлар уст-устига моддий ва маънавий рағбатлантириб юборилса, айримлар бир умр ҳалол, покиза, бошқаларга намуна бўларли даражада ишлаб бирор марта “Мақтов ёрлиғи”га ҳам лойиқ кўрилмайди. Бу ҳол ўз навбатида таълим-тарбия сифатига салбий таъсир этмай қолмайди.
Олтинчидан, фанлардан мавжуд дастурлар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларини жиддий қайта кўриб чиқиш керак. Улардаги йиллар давомида қайтарилаётган хатоликлар тузатилиши, берилаётган назарий ва амалий материалларнинг ўқувчилар ёшига мослигини таъминлаш, дарсликларнинг жуда қисқа муддатларда ҳадеб янгиланаверилишига барҳам бериш керак.
Еттинчидан, шогирдлар билимини объектив – ҳаққоний, адолатли, холисона, ҳеч қандай таъма ва шаъмаларсиз тўғри баҳолаш. Бу тарбиячи ва муаллимлар олдида турган энг муҳим ва, айтиш мумкинки, энг долзарб муаммолар сирасига киради. Чунки тарбияланувчи, таълим олувчининг ҳар бир ҳаракати, интилиши, берган жавоби очиқ, тўғри ва холисона баҳоланмас экан, унда устоздан норозилик кайфияти туғилиши табиий. Бундай кайфият эса уни илм олишга, ўрганишга рағбатлантирмайди, аксинча, интилишдан, изланишдан, фаолликдан қайтаради. Алал оқибат, уларда олға интилиш, ташаббускорлик, кўп нарсани билиб олишга бўлган катта иштиёқ пасая боради ва жамиятда лоқайд, атрофдагиларга эътиборсиз, ўзидан бошқани ўйламайдиган, худбин инсонларнинг пайдо бўлишига замин яратади. Биз бугунги кунда ана шу муаммонинг – талабалар билимини устозлар томонидан узоқ вақт ҳаққоний баҳоланмаганлигининг нақадар оғир оқибатларга олиб келганлиги ва уни тузатиш эса жуда қийин бўлаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Жамиятимиз тараққиётига муносиб хизмат қила олмаётган саводи ҳаминқадар, нутқи нурсиз муаллимлар, шифо истаб келган беморларини даволашдан кўра майиб-мажруҳ этаётган шифокорлар, қонун устуворлигини таъминлай олмаётган манфаатпараст ҳуқуқ посбонлари, қурган бинолари бир йилга ҳам етмай тутдай тўкилаётган қурувчи-муҳандислар, бизнес-режалари эл манфаати йўлида фойда келтириш ўрнига миллиард-миллиард сўм зарар келтираётган ҳисобчи-иқтисодчилар ва бошқа турли соҳаларда муқим ўтириб олган яроқсиз мутахассислар, қўрс, қўпол, нўноқ раҳбарлар осмондан тушгани йўқ. Уларнинг билимига, иқтидорига боғчада, мактабда, коллежда, институтда, университетда ўзимиз ошириб, таъмагирлик билан нохолис, нотўғри баҳо қўйиб келганмиз ва энди бу қилмишларимизнинг аччиқ мевасини тотмоқдамиз, жабрини биргалашиб тортмоқдамиз.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз таълим тизимида изчил давом эттирилаётган ислоҳотларнинг юқори натижадорлигини таъминлаш ҳар биримизнинг бугунги фаол саъй-ҳаракатимизга боғлиқлигини унутмайлик. Барчамиз бугунги ижтимоий, иқтисодий ва техник тараққиёт туфайли ҳаёт эҳтиёжига айланаётган янгича фикрлаш, янгича ҳаракат, эркин ижод қилиш ва фаровон яшаш сари тўхтовсиз интилишимиз, таълим соҳасининг энг қуйидан олий босқичигача бошланган ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз лозим.
Мардон БОЛТАЕВ,
Самарқанд давлат университети доценти.