Танқидий мақолада кўтарилган масалалар транспорт бошқармаси мутасаддилари томонидан муҳокама қилинди

Аҳоли томонидан карантиндан сўнг ўз фаолиятини қайта бошлаган жамоат транспортига нисбатан яна танқидлар кўпая бошлади. Кимдир автобусларнинг юқумли касалликларга қарши дезинфекциялашдан норози бўлса, яна кимдир автобусдаги йўловчиларнинг сони кўп эканлигини таъкидлашмоқда. Шунингдек, йўловчилардан қайтим бермаётганлиги, “Tezcard”дан фойдалана олмаётганлиги каби ўнлаб муаммолар ҳақида ҳам бонг урилмоқда.
“Самаркандский вестник” газетасининг 2020 йил 17 июндаги 40-сонидаги “Спасибо за автобусы, но будьте добры...”, номли танқидий мақоласида автобусларнинг дезинфекция қилинмаётганлиги, валидаторларнинг ишламаётганлиги ҳақида фикр юритилган бўлса, “Зарафшон” газетасининг 2020 йил 23 июндаги 68-сонида ҳамда “Zarnews.uz” телеграм каналида “Нега автобусларда Tezcard” ишламаяпти?” сарлавҳали мақолада бир нечта йўналишлардаги автобусларда юриб, сўраб-суриштирилган ва гувоҳи бўлган ҳодисалар ҳақида сўз юритилиб, мулоҳаза қилинган.
Жамоат транспорти ҳамда унинг атрофида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимини топиш мақсадида ҳамда ОАВда чоп этилган мақолаларда кўрсатилган камчиликларни ўрганиб чиқиб, уларни бартараф қилиш юзасидан вилоят транспорт бошқармасида соҳа мутасаддилари ва автокорхоналар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилиниб, Республика махсус комиссияси талаблари билан бир қаторда йўловчиларнинг автобуслар салонида имкон қадар ижтимоий масофани сақлаши, тирбандликка йўл қўймаслик, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш лозимлиги таъкидланди. Бу ҳолатлар такрорланмаслиги учун автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган ҳар бир ишчи-ходим белгиланган талабларга сўзсиз риоя қилиши зарурлиги айтиб ўтилди. Автокорхона раҳбарига автобусларнинг дезинфекциялаш ишларига масъуллиги уқтирилди.
Шу билан биргаликда ҳайдовчи ва кондукторлар йўловчилардан ортиқча йўл ҳақи олиб қолиш, “Tezcard” тўлов карталари учун мўлжалланган валидаторларнинг ишламаслиги, автобусларнинг техник талабларга мос келмаслиги, ҳайдовчиларнинг кийиниш маданиятига риоя этмаслик ҳоллари аниқланса, белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланиши ҳақида огоҳлантирилди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.