Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Тико" ҳайдовчиси ЙПХ ходимини автомобиль капотида "айлантириб келди"

1 февраль куни ижтимоий тармоқда «Бухорода «Тико» ҳайдовчиси ЙПХ ходимини автомобиль капотида судраб кетди» сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабарига кўра, видеолавҳада акс этган ҳолат Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, 29 январь куни соат 15:30 ларда Бухоро вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланган «Алоҳида йўл-патруль хизмати отряди 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ нарядларини хизматга жойлаштириш қайдномаси»га асосан Бухоро вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отряди учинчи сафарбар гуруҳ йўл-патруль хизмати катта инспектори кичик сержант Ш.Р. Вобкент тумани ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизматга жалб қилинган.

У хизматни олиб бориш жараёнида Вобкент тумани Ўба Кулолон маҳалласи Кулолчи кўчасида фуқаро М.С. таниши Н.А.га тегишли бўлган «Тико» русумли автомашинада светофорнинг қизил чироғига тўхтамасдан ҳаракатланиб келганлиги сабабли ҳайдовчига тўхташ ишорасини кўрсатган. Шунда фуқаро М.С. ЙПХ инспектори турган йўналишда автотранспорт воситасини бошқаришни давом эттириб, содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида автомашинани тўхтатмасдан ходимга жуда яқин масофага қадар бошқариб борган.

Оқибатда ходим йўл чеккасига қочишга улгурмасдан, автомашина капоти устига чиқиб қолган. Шундай бўлса-да, ҳайдовчи М.С. автомашина билан ҳаракатланишда давом этиб, тахминан 50-60 метр масофада инспекторни транспорт воситаси капоти устида олиб юриб тўхтаган.

«Шундан сўнг, ЙПХ инспектори ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Юқоридаги ҳолатда бирор кишига тан жароҳати етмаган», дейилади хабарда.