Кимёгарлар ва Сўлим қўрғонларида яшаётган аҳолини тутун заҳридан ким қутқаради?

Мутахассисларнинг фикрича, ҳаво ифлосланишидаги ўлим сони чекиш сабаб юз берадиган ўлим миқдоридан 1,5 баробарга, ОИТС, сил ва безгакдан 3 мартага, урушлар ва зўравонликлардан 15 баробарга кўп бўлар экан.

Хўш, ҳафтасига 3-4 кун, 8-9 соатдан резина ва полиэтилен идишлар ёнганда чиқадиган тутунни ҳидлаш одам умрига қанчалик зарар?

Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар ва Сўлим қўрғонлари аҳолиси бир неча йилдан буён шундай дуддан “баҳра олиб” яшамоқда. Яъни, улар Сўлим қўрғончасидаги қарийб 70 гектардан ортиқ чиқинди полигонида содир бўлаётган “ёнғин” тутунидан азият чекишаётир.

- Умуман нафас олиб бўлмайди, - дейди Шукрона маҳалласи фуқароси Мамура Қаландарова. - Деразаларимизни ёпсак ҳам ичкарига киради. Кечаси кўчага ёйган кирларимизга тутун ҳиди уриб қолади.

Тиббиёт мутахассисларининг фикрича, маиший чиқиндилар, синтетик моддалар тутуни ўпка саратони, турли ўсма касалликлари ҳамда юрак-қон тизими хасталикларининг авж олишига сабаб бўлади.

Ушбу муаммо юзасидан аҳоли охирги 5 йил ичида ташкилотларга ўнлаб маротаба мурожаат қилишган. 2017 йилнинг июнь ойида Нурафшон маҳалласи фуқароси Сайёра Ишназарова ва юздан ортиқ фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига хат ёзишган. Самарқанд шаҳри ҳокимлиги ушбу мурожаатга чиқиндихона ёнмагани ва бадбўй ҳид Паст Дарғом тумани ҳудудидаги чўчқахона атрофида уюлиб қолган чиқиндилардан келаётганини рўкач қилишган.

2017 йилнинг август ойида Маданият маҳалласи фуқароси Х.Хушмировнинг мурожаатига вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан “ҳид ҳудудда фаолият кўрсатаётган асфальт заводидан келаётганлиги” сабаб қилиб кўрсатилган.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати Ҳаким Жўраев томонидан муаммо юзасидан мутасадди ташкилотларга 10 дан ортиқ сўровномалар чиқарилган, шаҳар ҳокимлигининг “Самарқанд” газетасида ҳам анчагина мақолалар чоп этилса-да, муаммо ҳал этилмаган.

2018 йилнинг август ойида вилоят хокими Эркинжон Турдимов шаҳарчада ўтказган сайёр қабулда яна шу экологик муаммо кўтарилди. Шундан сўнг Сўлим қўрғонидаги чиқиндихона Самарқанд шаҳар “Мароқанд обод” ДУКга бириктирилиб, техникалар ажратилди. Ёнғин содир бўлаётган ҳудудлар тупроқ билан ёпилди. Ўтган давр мобайнида мазкур ҳудуднинг катта қисми девор билан ўралди. Фуқаролар қарийб 1 йил ушбу экологик муаммодан халос бўлишди.

Яқинда ҳудудни яна бадбўй тутун қоплай бошлади. Мазкур муаммо юзасидан жорий йилнинг 15 сенябрь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ишонч телефонига мурожаат қилишга тўғри келди. Мазкур мурожаат бўйича ташкилотнинг Самарқанд шаҳар бўлими инспекторлари келиб, муаммони назоратга олишини, аммо жаримага тортишдан бошқа ваколати йўқлигини айтишди.

Афсуски, бугун ҳам ҳудудни тутун қоплаш давом этмоқда.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,
O‘zLiDeP Cамарқанд вилояти кенгаши матбуот котиби.