Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Ёш китобхон": Орзу қилишдан қўрқманг!

Бу ҳавасимни очиқ билдирмасам-да, фарзандларимнинг ўқишига алоҳида эътибор бера бошладим. Ўқиган китобларини қайта-қайта ўқишга ундадим. Уларнинг кундалик дафтарларини кузатиб бордим. Фар­зандларга қўшилиб, аёлим иккимиз ҳам китоб мутолаа қилишга ўтдик. Ишонинг, тез орада оиламизда ҳақиқий китобхонлик муҳити шаклланди ва фарзандларимнинг қўлидан китоб тушмайдиган бўлди.

Бу "Ёш китобхон" танловининг 10-14 ёш тоифаси бўйича республика босқичида ғолиб бўлган Пахтачи туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Маҳлиё Ўроқованинг отаси Тоштемир Гадоевнинг гаплари.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган "Ёш китобхон" танловида 14 нафар йигит-қиз "Ўзбек адабиёти билимдони", "Жаҳон адабиёти билимдони", "Буюк мутафаккир ва адиб" ҳамда "Шеърият" шартлари бўйича куч синашди. Рақибларини ортда қолдирган Маҳлиё йиллар давомида олган билимларини амалда қўллади ва 238 балл тўплаб, Президент совғасига сазовор бўлди.

Китоб сабабли бугун ўзимни кашф қилдим, – дейди Маҳлиё Ўроқова. – Албатта, бу муваффақиятимда китоб ўқишим учун имконият яратиб берган ота-онам ва билим олишга мақсадли йўналтираётган устозларимнинг хизмати чексиз. Оилада тўнғич фарзандман. Натижа укаларим учун ҳам бир дарс бўлди. Мақсадимкучли ҳуқуқшунос бўлиб, Ватанимга хизмат қилиш.

Шу ўринда бир ҳолатга эътибор қаратишни истардик. Рости, қайсидир танлов ғолиби албатта, кимнингдир эркатойи, фаровон ва барча қулайликларга эга оила фарзанди бўлади, деган қарашга ўрганиб қолганмиз. Лекин Тоштемир аканинг айтишича, бу оилада беш фарзандни тарбиялаш ҳар доим ҳам осон кечмаган. Моддий етишмовчиликлар бўлиб турган. Аммо инсонда мақсад ва кураш ҳиси бор экан, ҳамма нарсанинг имконияти бўлади. Ушбу оила ўша имконни топди!

Китобга ошно тутинган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, – дейди Маҳлиёнинг устози Нигора Ҳусанова. – Буни Маҳлиё мисолида ҳам кўришимиз мумкин. У мени дам олиш кунлари ҳам тинч қўймасди. Уйимга келар ва ўзи ўқиётган бадиий асари бўйича фикрлашгиси келарди. Унинг тиришқоқ ва илм йўлидаги қайсарлиги бугун мана шундай ютуққа эришишига замин яратди. Очиғи, Маҳлиёнинг ғалабасидан устоз сифатида ўзимни жуда бахтиёр сезяпман.

Гапнинг индаллоси, орзу қилишдан қўрқманг ва мақсадни аниқ қўйинг.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.