Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Юксалиш” давлат дастури ижросини тизимли мониторинг қилиб боради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги фармони билан Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларида келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда шакллантирилган ушбу дастур том маънода ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа йўналишларда айни пайтда долзарб ва устувор бўлган масалаларни ўз ичига олганлиги билан аҳамиятлидир.

Албатта, дастурни ишлаб чиқиб тасдиқлаш бир томон бўлса, унинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш иккинчи муҳим масала ҳисобланади. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик ва оқилона ташқи сиёсатни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган жами 274 бандда ўз ифодасини топган вазифаларни ўз муддатида ва самарали ижросини таъминлашда тизимли мониторингни амалга ошириш, жамоатчилик назорати механизмларидан кенг ва фаол фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Президент фармонининг 26-бандида Адлия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига бу борада муҳим вазифалар юклатилди.

Таъкидлаш лозимки, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташкил қилинганида жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш унга асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шунга мувофиқ, 2019 йилдан буён Ҳаракат ўз фаолиятида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, фаол ва ташаббускор фуқаролар кўмаги ва иштирокида давлат дастурларининг жойлардаги ижроси ҳолатини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб, натижалари юзасидан Олий Мажлис, Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига мунтазам таҳлилий маълумотларни тақдим этиб келмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жорий йилги давлат дастурининг 16 бандида белгиланган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича ҳам Адлия вазирлиги ва “Тараққиёт стратегияси” билан биргаликда масъул ижрочи сифатида бириктирилган.

Дилнур Аъзамов,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси

бош мутахассиси.