Бажарилмаган давлат дастури: Илмободдаги ишлар қачон якунига етади?
Яқинда Zarnews.uz’га Самарқанд шаҳридаги Илмобод маҳалласида яшовчи фуқаролардан 2021 йилда давлат дастурига тушган маҳалла кўчаларини асфальт қилиш, ҳудуддан ўтган ичимлик суви қувури ҳамда электр тармоқлари устунларини янгилаш каби ишларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган эди.
Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасинининг таҳририятга шу муносабат билан йўллаган жавоб хатида халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2021 йил 25 майдаги қарорига асосан Илмобод маҳалласи ички кўчаларининг 1400 метр қисми таъмирланиб, фойдаланишга топширилганлиги, шунингдек, Ҳамроҳ кўчасининг 6-йўлаги бўйлаб Д-800 мм. Ҳажмдаги ичимлик суви қувури янгиланиши сабабли кўчада таъмирлаш ишлари олиб боришнинг иложи йўқлиги айтилган. Шунингдек, кейинчалик 4-йўлак ҳам таъмирланиши таъкидланган.
Хўш, ҳақиқатан ҳам кўчалар асфальт қилинганми? Биз бу саволга жавоб топиш мақсадида мазкур маҳаллада бўлдик.
Илмобод маҳалласида 4220 метр ички йўллари бўлиб, шундан 600 метри ҳомийлар ва маҳалла фуқаролари томонидан асфальт қилинган экан. Қолгани вилоят минтақавий йўллардан фойдаланиш бошқармаси томонидан асфальт қилиниши кўзда тутилган. Мазкур мақсадлар учун Дастур асосида 1 миллиард 122 миллион сўм ажратилган бўлиб, 16 та кўчанинг 2300 метри қисман таъмирдан чиқарилган.
Шунингдек, 7 та тор йўлак умуман ободонлаштирилмасдан қолган. Йўлсозлар 600 метр узунликдаги 6-тор йўлакнинг ер остидан Д-800 мм.ли ичимлик сув қувури ўтганлиги сабабли фақатгина тош тўкиш билан чекланган.
Кўплаб мурожаатлардан сўнг жорий йилнинг ноябрь ойида шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, Ҳамроҳ кўчасининг қолган қисмини асфальт қилиш ишлари шаҳар ободонлаштириш бошқармаси зиммасига юклатилибди. Бунинг учун ҳатто маблағ ҳам ажратилган. Қайта лойиҳалаш ишлари «Самарқанд йўл лойиҳа» МЧЖ томонидан амалга оширилган. Хўш, бу борада лойиҳачилар нима дейди?
МЧЖ мутахассиси Ойбек Тўйчиевга кўра, асфальт қилинмаган кўчалар яна қайта-қайтадан лойиҳалаштирилган. Маблағ ажратилган, лекин ишни якунлаш учун етмайдиган даражада.
Афсуски, бу ишларнинг бошида асосий буюртмачи вилоят инжиниринг компанияси турган бўлса-да, ишлар бошлангани йўқ. Тўғри, биз қурувчиларни ҳуда-беҳудага айблайверишдан йироқмиз. Уларнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари, ташвишлари бордир.
Қолаверса, ҳужжатлаштириш ишларини амалга ошириш учун вақт ҳам керак бўлади. Нима бўлганда ҳам мана, орадан икки ой ўтяптики, Илмобод кўчаларининг чала қолган ишларни якунланмаяпти.
Илмобод маҳалласининг муаммолари фақатгина бу эмас экан. Ўтган йили собиқ Самарқанд ахборот-коммуникация технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежи биноси янги ташкил этилган 4-умумий ўрта таълим мактабига берилган экан. Бироқ мактабда ўқувчиларга яратилган шароитларни яхши деб бўлмайди.
Вилоят ҳокими келиб вазиятни ўрганганда ўқув биноларини мукаммал таъмирдан чиқариш зарурлигини таъкидлаб ўтган экан. Айтишларича, Дастурга қўйилаётган экан. Лекин бугунги кунда нафақат мактаб ўқувчилари, балки ўқитувчиларнинг ишлашларига ҳам шароитлар етарли эмас.
Айниқса, мактаб биноларининг деворлари нураб боряпти, эшик ва ромлари, деразалари синган. Айниқса, ошхона, фаоллар зали ва айрим хоналарнинг аҳволи ачинарли. Камига мактаб атрофида яшовчи аҳоли томонидан муассасани ўраб турган деворга тақаб қўшимча биноларни қуриб олганига нима дейсиз?
Наҳотки, ҳеч ким мактаб девори билан аҳоли иморатлари орасида 3 метрдан ортиқ масофа бўлиши кераклигини билмаса?
Бир муаммо изидан бошқаси чиқиб келаверади. Мазкур маҳаллада ҳам худди шундай бўлди. Лекин барча муаммоларнинг ҳам ечими бор. Ўйлаймизки, Илмободдаги камчиликлар тез орада бартараф этилади.
Дилмурод Тўхтаев,
Бахтиёр Мустанов
“Zarnews” учун махсус.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.