Давлат дастури доирасида мактабларда нима ўзгарди?
Бошқа соҳаларда бўлгани каби Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили давлат дастурида халқ таълими тизими бўйича бир қатор вазифалар белгиланган.
Хўш, ушбу ишлар қай даражада амалга оширилди? “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси томонидан ўтказилган навбатдаги жамоатчилик эшитувида шу саволга жавоб берилди.
Қайд этилишича, жорий йилда 497 млрд. сўм эвазига 167 та мактабнинг (шундан, 60 та филиал) ҳолати тўлиқ яхшиланиб, 4 та мактаб янгидан қурилган. Бундан ташқари, 108 та мактаб реконструкция қилиниб, 55 та мактаб мукаммал таъмирланган. Натижада 18 160 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилиб, 6 та қўшимча спорт заллари қурилган.
Хусусан, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 2964 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилган. Бунинг учун 184 та мактаб филиалларидан яроқсиз ва ачинарли ҳолатда бўлган 60 таси 27,9 млрд. сўм эвазига қайта қурилган.
Бироқ шунга қарамай мавжуд 1 267 та мактабда 744 206 нафар ўқувчи 581 441 ўринга мўлжалланган таълим муассасаларида 1,3 коэффициентда таҳсил олмоқда. Вилоятдаги 1039 та мактабда дарслар икки навбатда ташкил этилган.
Мактабларнинг 1228 таси (97 фоиз) компьютер жиҳозлари билан таъминланган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан 39 та, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 32 та мактаб спорт заллари ҳамда 4 та мактабга 21 млрд. 708 млн. сўмлик жиҳозлар етказиб берилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мактабларни бирламчи спорт анжомлари билан таъминлаш белгиланган. Бу борада вилоятдаги мактабларга давлат бюджетидан 5 миллиард сўм ажратилган.
Тақсимотга асосан мактабларга 6818 та футбол, 5051 та волейбол, 5051 та баскетбол, 3339 та гандбол, 2084 та бадминтон ракеткаси, 2084 та бадминтон волани, 426 та стол тенниси, 20840 та стол теннис тўпи, 1255 та секундомер, 574 та шахмат, 287 та шахмат соати, 287 та шахмат доскалари тарқатилган.
Бугунги кунда вилоят мактабларида хорижий тил фани ўқитувчилари 5244 нафарни (69,4 фоиз аёллар) ташкил этади. Уларнинг 97,6 фоизи олий, 2,4 фоизи тугалланмаган олий маълумотга эга бўлиб, 270 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари 15-30 фоизгача устама олади. Бироқ бу умумий инглиз тили фани ўқитувчиларининг 5,1 фоизини ташкил этади.
Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нуробод, Оқдарё, Паст Дарғом, Пайариқ, Ургут туманларида инглиз тилини билиш Европа Иттифоқи талаблари, яъни C1-CEFR даражаси ёки IELTS халқаро сертификатига эга биронта ўқитувчи йўқ.
Вилоятда француз тилини билиш Европа Иттифоқи талаблари C1-CEFR даражаси бўйича 2, В-2 сертификатига эга 9 нафар, немис тилини билиш В-2 даражаси сертификатига эга 7 нафар ўқитувчи фаолият олиб боряпти.
Умуман, бугунги кунда вилоятда 58 466 нафар ўқитувчи (шундан аёллар сони 35 442 нафар ёки 60,6 фоиз)ларнинг 51 223 нафари олий маълумотли. Қолган 2 223 нафари ёки 3,8 фоизи тугалланмаган олий, 5 020 нафари (8,6 фоиз) ўрта махсус маълумотли. Ўқитувчиларнинг катта қисми – II тоифали (13 645 нафари ёки 23,3 фоиз) ва мутахассис ўқитувчилар (35 813 нафари ёки 61,2 фоизи).
Жамоатчилик эшитувида депутатлар, фаоллар педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, малака тоифасини ошириш бўйича зарур тавсиялар берди. Шунингдек, таълим сифатини ошириш ва ижобий тажрибаларни тарқатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.
Таъкидланишича, 146 нафардан ортиқ ўқитувчилар вилоятимизнинг олис ва чекка ҳудуддаги мактабларида фаолият юритмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридан 2 нафар, Андижон вилоятидан 28 нафар, Наманган вилоятидан 2 нафар, Бухоро вилоятидан 13 нафар, Навоий вилоятидан 33 нафар, Жиззах вилоятидан 4 нафар, Қашқадарё вилоятидан 23 нафар тажрибали ўқитувчилар жалб қилинган.
Улар Қўшработ, Каттақўрғон, Нуробод, Нарпай, Пахтачи ва Пайариқ туманларидаги таълим сифати паст мактабларига ишга қабул қилинган. Уларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай яшаш шароитлари яратилиб, қўшимча устама ҳақлари тўланмоқда.
Тадбир сўнгида халқ таълими тизимидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур таклифлар умумлаштирилди.
Дилнур Аъзамов,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси бош мутахассиси, “Келажак лидерлари” клуби аъзоси.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.