Мактабда ўқувчилар 11 йил ўқиши шартми?

Икки йил аввал бир анжуманда туркиялик ректор сўзга чиқиб: “Менинг институтимда 25 минг нафар талаба ўқийди. Уларнинг 5 минг нафари олий таълимда таҳсил олса, қолган 20 минг нафари касб-ҳунар ўрганади”, деган эди.
Демак, Туркияда касб-ҳунар ўрганишни истовчи ёшлар кўп экан. Барча ёшларни олий таълимга қамрашнинг имкони йўқлиги боис бошқа давлатларда ҳам ёшлар касб-ҳунарга йўналтирилади. Хўш, бизда-чи, деган савол туғилади. Масалан, бугун вилоятда 69 та профессионал таълим муассасалари, яъни 37 та касб-ҳунар мактаби, 12 та коллеж ва 20 та техникум фаолият юритмоқда. Профессионал таълим муассасаларида 135 та касб бўйича 47569 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Тўғри, республикамизда мактаб битирувчиларининг барчасини олий таълимга қамраб олишнинг имкони йўқ. Шунингдек, ҳамма ҳам олий таълимда ўқишни истамайди, тўғрироғи, ўқишга қизиқмайди. Ўқишга иштиёқи суст ўқувчиларни 9-синфдан касб-ҳунарга йўналтириш учун жойларда касбга йўналтирилган бирон профессионал таълим муассасаси очилган. Аммо, ёшларимиз касб-ҳунар эгаси бўлишни истайдими? Бу борада соҳа вакилларининг фикрларига қизиқдик.
- Олий таълимда ўқишни хоҳламайдиган битирувчилар тезроқ мактабни битириб четга кетишни истайди, - дейди Тойлоқ туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби директори Дилафрўз Улуғбоева. – Шунингдек, бизга бозор яқин, хорижга кетмаганлари савдо билан шуғулланади, ресторан, кафеларда ишлайди. Айрим ота-оналар фарзандини олий таълимга кира олмаслигини билсада, мактабни битирса бўлди қабилида мактабда ўқитаверади. Лекин яхши ўқимайдиган болалар ҳам эртага олий таълим муассасасига ҳужжат топширади. Уларнинг ҳисобидан мактаб рейтинги тушиб кетади. Бу борада мактабимизнинг кўрсаткичи ёмон эмас. Туманнинг чекка ҳудудларида бу масала жуда оғир.
Кейинги йилларда Тойлоқдаги еттита коллеждан учтасини мактаб қилишди. Бор-йўғи иккита коллеж касб-ҳунар мактабига айлантирилди. Энди шуларни кучайтириш, моддий техник базасини бойитиш, ўқиши суст болаларни аниқ, мақсадли касбга йўналтириш керак.
- Мактабимизда коллеж ва техникумларга ўқишга киришни истовчи ўқувчилар талайгина, - дейди Оқдарё туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг немис тили фани ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Чарос Нурмаматова. – Масалан, ўзим ҳам дарсдан кейин туман марказида жойлашган “Ақл зиёси” ўқув марказида ёшларга немис тилини ўргатаман. Ўқув марказида таҳсил олаётганлар ичида мактаб ўқувчиларидан ташқари 30-35 ёшли фуқаролар ҳам бор. Улар Германияга касбга ўқиш учун тайёрланяпти. Ўқувчилар немис тилидан B1 ёки A2 даражали сертификат олса, Германияга ҳам ўқиш, ҳам ишлаш учун кетади. Марказда юзга яқин ёшлар ўқияпти. Туман ҳокимлиги томонидан уларнинг ўқиши учун ҳар бирига 200 минг сўмдан тўлаб бериляпти. Ўзим ҳам Германияда август-сентябрь ойларида малака ошириб келдим.
Чет тилини биладиган ёшларга бугун имкониятлар кенг. Шу ўринда бир таклифим бор. Немис тили мактабларда 1-синфдан ўтилса, болалар тилни яхши ўрганади. Туман бўйича фақат бизнинг мактабимизда немис тили 1-синфдан ўргатилади.
- Бугун ёшларимизда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш иштиёқи кучли, - дейди Самарқанд шаҳридаги 81-умумий ўрта таълим мактаби директори Аловуддин Очилов. – Олий таълимга кира олмаганлари ҳам яна икки-уч йил тайёрланиб, ўқишга киряпти. Ёки кам балл тўплаган бўлса ҳам хусусий олий таълим муассасаларига кириб ўқияпти. Ёшлар кўпроқ пул топиш мақсадида савдо соҳасига, тадбиркорлик ва бизнесга қизиқаяпти. Мактабимиз жойлашган Қорасув маскани мисолида айтадиган бўлсам, масканга қурувчи, сантехник, буёқчи, ошпаз, мебелсоз каби касблар жуда керак. Аммо, бундай касб эгалари бошқалардек ҳар куни костюм-шим кийиб ишга бормайди, маоши ҳам унча кўп эмас. Шунинг учун ёшлар касб-ҳунар ўрганишни унча хоҳламайди.
- Бизда ҳар йили 9-синф битирувчилари ичидан касб ўрганишни истовчилар касб-ҳунар мактабига кетади, - дейди Тойлоқ туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактаби директор ўринбосари Сайфуллохон Темирхонов. – Масалан, жорий йилда тўртта 9-синф битирувчиларидан 30 нафарга яқини касб-ҳунар мактабига кетиш истагини билдирган. Мактабимиз яқинида касб-ҳунар мактаби бор.
Ушбу фикрлардан билиш мумкинки, ҳар бир ҳудудда касб-ҳунар ўрганишга қизиқиш турлича. Баъзилар олий маълумотли бўлиш ортидан яхши даромад топишни истаса, бошқалар хорижга ишга кетиб мўмай пул топишни хоҳлайди. Аммо, орамизда ўз касбининг устаси бўлиб, унинг ортидан етарли маблағ топаётганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, бугун маҳоратли тикувчи, тажрибали ошпаз мактаб директоридан кўп пул топади. Фақат ёшларни касбга йўналтириш ота-оналарга боғлиқ. Авваллари фарзандлар ота касбини давом эттиришган, яъни ота касби ортидан мўмай даромад топган. Ҳозир ҳам оз бўлса-да, айрим ҳудудларда бундай удум сақланиб қолган. Каттақўрғон туманининг Пайшанба шаҳарчасида ҳолвапазлик билан шуғулланиб келаётган оилалар ота касбини асрлар давомида авлоддан-авлодга сақлаб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Аслида хорижда ишлашни истовчилар ҳам 9-синфдан бирон касб ўргангани мақсадга мувофиқ. Сабаби, хорижда пул топиш осон эмас. Айниқса, қўлида ҳунари йўқ одам энг паст даражали ишни бажаришига тўғри келади. Қўлида касби бор ва чет тилини биладиганлар хорижда иш топишда қийналмайди. Буни ота-оналар фарзандларига тушунтириши ва уларни бирон касбга йўналтириши керак.
Дарҳақиқат, айрим ота-оналар фарзандини олий маълумот олиши ва давлат ташкилотларида ишлашини истайди. Ҳатто фарзанди мактабда яхши ўқимаса ҳам уни касб-ҳунарга йўналтирмайди.
- Ўғлим мактабда унча яхши ўқимайди, - дейди каттақўрғонлик Нилуфар Қаҳҳорова. – Аммо мен уни олий маълумотли бўлишини хоҳлайман. Давлат ташкилотида ишлайдиган кишиларга ҳавасим келади. Мени ҳам фарзандим шундай жойларда ишлармикан, деб орзу қиламан. Шунинг учун ўғлимни хусусий олий таълим муассасаларидан бирида ўқитмоқчиман.
Афсуски, ота-оналар ичида мана шундай фикрлайдиганлари ҳам учраб туради. Ҳавас қилган ота-она бола билан бошидан шуғулланмайдими? Уни билим олишга қизиқтирмайдими? Фарзандининг келажагини мактабни битираётганида ўйлайдиган ота-оналарга нима дейишни ҳам билмайсан киши.
Кейинги йилларда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш унча қийин бўлмай қолди. Айниқса, хусусий олий таълим муассасалари кам балл тўплаган абитуриентларни ҳам ўқишга қабул қиляпти. Шунинг учун ҳам айрим ёшлар диплом олиш мақсадида хусусий олий таълим муассасаларига кириб ўқияпти. Аммо улар эртага ўз касбининг етук мутахассиси бўлиши даргумон.
***
Энди масаланинг яна бир томони бор.
Факт ва рақамларга тўхталадиган бўлсак, ўтган ўқув йилида вилоятдаги 1248 та мактабни 49315 нафар битирувчи тугатган. Шунингдек, 2024-2025 ўқув йилида 82 минг нафарга яқин бола 1-синфга қабул қилинган. Бу дегани, битирувчиларнинг 1,5 бараваридан кўп ўқувчи мактабга қабул қилиняпти. Бу рақам ҳар йили шу тарзда ошиб борса, келгусида ўқувчиларга мактаблар етишмайди. Шундоқ ҳам вилоятимизда икки ва ундан юқори коэффицентли мактаблар талайгина.
Шунинг учун бемақсад мактабда ўқиётган ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш лозим. Бунинг ортидан, аввало, ўқувчи касбли бўлади, мактаблар коэффиценти меъёрлашади, баъзи касбга эҳтиёжи бор соҳалар ўрни тўлади. Ҳамма мактабда 11 йил ўқиши шарт эмас.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.