Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Юридик коллежида ўқиш икки йил: Уни битирган ёшлар университетга тест синовларисиз қабул қилинади

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик коллежларига қабулни ташкил этиш ҳақида”ги буйруғига асосан, Самарқанд вилоят юридик коллежига 2019-2020 ўқув йили учун 7 та йўналиш бўйича ўқувчилар қабул қилиниши белгиланди.

Жорий ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта (11-синфни битирган) ва  ўрта махсус, касб-ҳунар ва академик лицей маълумотига эга абитуриентлар тўлов-шартнома асосида икки йил давомида давлат хизматлари,  кадрлар масалалари, шартномавий масалалар, адвокатура, нотариат ҳамда ижро иши бўйича юрист йўналишлари ва аграр секторда юрист йўналишларида таҳсил олиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида”ги қарорига асосан, юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш бўйича танловлар ёзма имтиҳон шаклида ҳуқуқшунослик, она тили ва адабиёти (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанлари бўйича ўтказилади. Кам таъминланган оила фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кўзи ожиз ўқувчилар давлат гранти асосида таҳсил олади.

Таълим жараёни инновацион ўқув лойиҳаларини амалга ошириш, ўқувчилар амалиётни ташкил этиш учун тегишли худудлардаги давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилади. Коллежни битирган ўқувчиларнинг иқтидорли, билимлилари орасидан 30 фоизи эса саралаб олиниб, ҳудудий адлия органининг йўлланмаси билан Тошкент давлат юридик университетига тест синовларисиз, суҳбат орқали қабул қилинади. Суҳбатда ёшларнинг чет тилларни билиши, амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушуниши, касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолияти ва ижодкорлик қобилиятлари каби қатор масалаларга эътибор қаратилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик коллежлари битирувчиларини Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида университетга тест синовларисиз қабул қилинган ёшлар 3 йил узлуксиз ишлаши талаб этилади.

Шунингдек, коллежнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, уларга амалий жиҳатдан кўмаклашиш Тошкент давлат юридик университети томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Дарвоқе, Самарқанд вилоят юридик коллежида ўқиш истагида бўлган ёшларнинг аризаси 2019 йил 1 июндан  20 июнга қадар қабул қилинади.

Абитуриентлардан қўйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

  1. Мутахассислиги ва касби, ўқитиш тили, таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги маълумотни, танловни ўтказиш қоидалари билан танишганлиги хусусида белгини кўрсатган ҳолда ариза;
  2. Паспорт нусхаси;
  3. Умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асли ва нусхаси (агар абитуриент ҳужжатларни топшириш муддатида таълим муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатни олмаган бўлса, у танлов ўтказиш кунига қадар ҳужжат аслини тақдим этиш шарти асосида тегишли таълим муассасаси томонидан берилган унинг гербли муҳри билан тасдиқланган расмий маълумотномани тақдим этади);
  4. 3,5 x 4,5 см ўлчамли 6 та рангли фотосурат

Дилмурод Усмонов,

Самарқанд вилоят юридик коллежи

қабул коммиссиясининг масъул котиби.