Юридик коллежлар реконструкция қилинади
Адлия вазирлигининг юридик коллежлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан юридик коллежларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш параметрлари тасдиқланди.
Қарорга кўра, объектларда қурилиш ва монтаж ишлари “фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш” шартларида ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, мартаба даражаларига эга бўлган юридик коллежлари ходимларига устамалар ва мартаба даражалари учун қўшимчалар Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ва бюджетдан ташқари бошқа маблағлари ҳисобидан тўланади.
2025 йил 1 январга қадар мазкур қарор доирасида белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар ва қурилиш материаллари божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.
Шунингдек, юридик коллежларда замонавий АКТни янада кенг жорий қилиш мақсадида “Электрон юридик коллеж” электрон платформаси ишлаб чиқилади, электрон ҳужжат айланиш тизими яратилади.