Нега тезлик 60 км/соат этиб белгиланяпти? Бу қоида қайси кўчаларда амал қилади?
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш еттинчи сессиясида бу масала депутатларнинг диққат марказида бўлди.
Ушбу тартибни белгилаш учун вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси аҳоли, ҳайдовчи ва йўловчилар ўртасида сўровнома ташкил этиши зарурлиги таклиф этилди.
Ўз навбатида вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ш.Бойхўрозов ушбу тартиб нима сабабдан жорий этилиши белгиланаётгани ҳамда қайси ҳудудларга ўрнатилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.
- Самарқанд шаҳрининг М-37А “Самарқанд ҳалқа йўлининг 40-43 километрлари оралиқ қисмида 3 йил давомида содир этилган ЙТҲлар сони 29 тани ташкил этган, шундан 6 таси ўлим, 23 таси тан жароҳати билан боғлиқ, - деди Ш.Бойхўрозов. - Бундан ташқари, Афросиёб кўчасининг Ибн Сино кўчасидан М-37А автомобиль йўлигача бўлган қисми узунлиги 1,7 км., кенглиги 17 метрни ташкил этиб, 8 та асосий йўл билан туташмалар мавжуд. Бу йўлда охирги 3 йил давомида 7 та ЙТҲ содир этилган. Шундан 2 таси ўлим, 5 таси тан жароҳати билан боғлиқ.
Даҳбед кўчасининг Ибн Сино кўчасидан Регистон кўчасигача бўлган қисмининг узунлиги 2,8 км, кенглиги 15 метрни ташкил этади. Охирги 3 йил давомида 24 та ЙТҲ содир этилган. Шундан 4 таси ўлим, 20 таси тан жароҳати билан боғлиқ.
Гагарин кўчасининг Гўрўғли кўчасидан Ўзбекистон кўчасигача бўлган қисми узунлиги 5,3 км., кенглиги 30 метрни ташкил этади. Охирги 3 йил давомида 13 та ЙТҲ содир этилган.
Шулардан келиб чиқиб, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги М-37А “Самарқанд ҳалқа йўлининг 40-43 километрлар оралиқ қисмида, Афросиёб, Даҳбед ва Гагарин кўчаларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлигини соатига 60 км. этиб белгилаш таклиф этилмоқда.