Вилоят Зарафшон газетаси
1913 йил апрель ойида Самарқандда маҳаллий туркий-форсий ўрта шевада Маҳмудхўжа Беҳбудий масъул муҳаррирлиги остида “Самарқанд” номи билан газета нашр этилди.
Ҳафтада икки марта, дастлаб икки, 7-8-сонидан кейин тўрт саҳифада, адади 400-500 нусхада чиққан.
1917 йил 16 апрелдан газета “Ҳуррият” номи билан чиқа бошлаган. Газетага журналист ва маърифатчи Саидризо Ализода, 27-сонидан Абдурауф Фитрат, сўнг Ўрунбой Ўғли, бир муддат Акобир Шомансуров нашр муҳаррирлиги вазифасини бажарган. 500-1000 нусха атрофида, ҳафтада икки марта чиқиб турган газета моддий қийинчилик туфайли ёпилган.
1918 йил 11 июндан бошлаб “Ҳуррият” газетаси шўро ҳукумати таъсирида “Меҳнаткашлар ўқи” номи билан чиқа бошлади. Масъул муҳаррирлари Иффат Хоним (Зоҳида Бурнашева) билан Шокир Мухторий бўлган.
5-сонидан кейин газета номи “Меҳнаткашлар товуши”га айлантирилган. Саидризо Ализода, Муҳаммаджон Юсуфий, Қори Маҳмуд, Қори Муҳаммадраҳим Тожи, Садриддин Айнийлар газетанинг таржима ва таҳрир ишларида иштирок этишган.
1921 йилдан газетанинг номи яна ўзгартирилади – “Камбағаллар товуши”га айлантирилади.
1922 йилнинг октябрь ойига келиб газета “Зарафшон” номи билан чиқади. Газетани қайта ташкил этганлардан бири Ғози Юнус бўлди. Асли тошкентлик бўлган бу инсон газета учун ўзи билан бирга бир неча пуд ҳарф, 150 пуд яхши қоғоз ҳамда икки нафар ҳарф терувчи олиб келади.
Номи ўзгарган газетанинг биринчи сони катта форматда, 6 саҳифада (шундан бир саҳифаси рус тилида), 1500 нусхада чоп этилади. Газетадаги эълонда ушбу нашр “Самарқанд”, “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”нинг давомчиси эканлиги таъкидланган.
Газетанинг мунтазам чиқиши йўлга қўйилгач, 1923 йил бошларида Ғози Юнус Тошкентга қайтиб кетади. Унинг ўрнига Али Исмоилзода тайинланади.
1925 йилдан газета ҳафтада уч марта чоп этилади.
“Зарафшон” газетаси 1928 йилгача араб имлосида, 1938 йилгача лотин имлосида, 1938 йилдан буён кирилл имлосида чоп этиб келинмоқда.
1928 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда чоп этилаётган “Қизил Ўзбекистон” газета редакцияси Самарқандга кўчирилгач, “Зарафшон” фаолиятини вақтинча тўхтатади.
1930 йилнинг 7 ноябрида газета яна чоп этила бошланади ва унга энди “Ленин йўли” деган ном берилади. Газета 1931 йилдан эътиборан кундалик нашрга айланади.
1956 йилнинг 1 августида Самарқанд матбуоти тарихида “Ленин йўли” газетаси биринчи марта А1 форматда чоп этилган.
1964 йилнинг 21 июлида газетанинг 10 000-сони муштарийлари қўлига етиб боради.
Газета 1991 йилдан бошлаб ўзининг эски – “Зарафшон” номи билан чиқа бошлади.
1996 йилда газета илк бора компьютерда терилиб, саҳифаланди.
1999 йил май ойида газетанинг 20 000-сони нашр этилди.
2008 йилда Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди моддий кўмагида қарийб юз йиллик тарихга эга бўлган “Зарафшон” газетасининг энциклопедияси яратилди.
2009 йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Зарафшон” А2 форматда саҳифаланиб, икки рангда чоп этилди. Шу санадан бошлаб янги форматга ўтилди.
2010 йил 10 июнь. Ушбу сана газетанинг 21 763-сони биринчи ва охирги саҳифалари (саҳифалар кўпайган пайтда, ўртадаги бетлар ҳам) рангли чоп этишга ўтилгани билан тарих саҳифаларида қоладиган бўлди.
2011 йил 29 декабрда “Зарафшон”нинг 22 мингинчи сони нашрдан чиқди.
2011 йилда 30 декабрда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти ташкил этилди.
* * *
Бугунги кунда “Зарафшон” газетаси таҳририятида ўттизга яқин ижодий ва техник ходимлар меҳнат қилмоқда.
Газета бош муҳаррири Фармон Тошев Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилояти бўлими раҳбари ҳисобланади.
Таҳририятда сиёсат; иқтисодий ислоҳотлар ва қишлоқ хўжалиги; таълим ва маданият; ахборот ва спорт; хотин-қизлар ва ёшлар ҳаёти; хатлар ва ижтимоий тадқиқотлар; шаҳар ҳаёти ва коммунал хўжалик; ижтимоий ислоҳотлар ва саломатлик йўналишлари бўйича махсус мухбирлар фаолият кўрсатади.
Газетада ойда бир марта “Газета ва газетхон”, “Оила даврасида”, “Спорт ва саломатлик”, “Бу бўстон саҳнида…” махсус саҳифалари чоп этилади.
Газетхонлар билан таҳририят ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, газета саҳифаларида муштарийлар фикр-мулоҳазалари, жамият ҳаётига бўлган муносабатларини янада эркинроқ билдиришлари учун “Муштарий фикри”, “Виждоннинг бугунги сўроғи”, “Ким қилади-я шугинани-я!”, “Бир мавзуда икки фикр”, “Хат таҳрирсиз босилмоқда”, “Хатлардан сатрлар”, “Рўзғорини уддалаётганлар”, “Ишонч телефони”га айтишларича...” каби рукнлар анъана тусини олган.
Фуқароларга ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхшироқ билиб олишлари, қолаверса, давлат органлари очиқлигини таъминлаш учун савол-жавоб мазмунида “Сўраган эдингиз”, “Саволларингизга адвокат жавоб беради”, “Бошлиққа саволингиз борми?” каби махсус рукнлар остида материаллар бериб борилмоқда.
“Зарафшон” газетасининг интернетдаги www.Zarnews.uz сайти 2007 йилдан буён мунтазам ишлаб турипди. Веб-сайтга асосан хабар мазмунидаги материаллар, мулоҳазали ва ижтимоий-иқтисодий мавзулардаги мақолалар жойлаштирилмоқда.
2006 йилдан буён “Зарафшон” газетаси ҳузурида “Журналистик маҳорат маркази” ишлаб келмоқда.
Ижодий ютуқлар
1999 йил
* Газета мухбири Маҳбуба Шаропова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
2000 йил
* Газета бўлим мудири Сулаймон Ҳусаинов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонини олди.
2001 йил
* “Наврўз – боқий байрам” Республика танловида “Зарафшон” газетаси таҳририяти Наврўз мавзусида берилган туркум мақола ва безакли саҳифалар учун “Энг яхши таҳририят” номинацияси бўйича рағбатлантирувчи совринга муносиб деб топилди.
2002 йил
* Саидризо Ализода таваллудининг 115 йиллиги муносабати билан у яшаган уйда маърифатпарвар журналистнинг уй-музейи очилди.
2003 йил
* “Наврўз – боқий байрам” Республика танловида “Зарафшон” газетаси ғолиб деб топилди.
* Газета бош муҳаррири Фармон Тошев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.
2005 йил
* “Зарафшон” газетаси таҳририяти жамоаси “Энг улуғ, энг азиз!” Республика кўрик-танловининг ғолиби бўлди.
2006 йил
* “Зарафшон” газетаси таҳририяти қошида “Журналистик маҳорат мактаби” очилди.
* Газета масъул котиби Адҳам Ҳайитов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
2007 йил
* Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини батафсил ва тезкор ёритишдаги алоҳида хизматлари, халқимизнинг бетакрор анъаналарини бойитишга қўшаётган муносиб ҳиссаси, маънавий-маърифий тарбия, миллий ғоя тарғиботи соҳасидаги ибратли ишлари учун ҳамда ташкил топганига 90 йил тўлиши муносабати билан “Зарафшон” газетаси вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
2009 йил
* Газета мухбири Гулруҳ Мўминова журналистика соҳасида “Олтин қалам” тўртинчи миллий мукофоти учун танловнинг рағбатлантирувчи мукофотини олди.
* Акрам Ҳайдаров “Йилнинг энг фаол журналисти” Республика танлови совриндори бўлди.
2010 йил
* Ғолиб Ҳасанов “Йилнинг энг фаол журналисти” Республика танлови ғолиби бўлди.
2012 йил
* “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари музейига асос солинди.
* “Зарафшон” газетаси таҳририяти ЮНИСЕФ билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2010-2015 йиллар учун мўлжалланган ҳамкорлик дастури лойиҳасининг вилоятдаги координатори этиб тасдиқланди.
2013 йил
* Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети ўқитувчилари ва магистрлари билан Самарқандда “Матбуотнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги роли (“Зарафшон” газетаси фаолияти мисолида)” мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди.
* Газета таҳририяти жойлашган Матбуот уйи замонавий услубда реконструкция қилинди.
* “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти журналистика соҳасида “Олтин қалам” миллий мукофоти учун саккизинчи халқаро танловда иккинчи ўринга сазовор бўлди.
* “Зарафшон” газетаси мухбири Анвар Мустафоқулов “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” танлови ғолиби бўлди.
* Таҳририят қошидаги “Журналистик маҳорат маркази” “Журналистика –ижодий фан” танловида иккинчи даражали диплом билан тақдирланди.
* “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти“ННТ фаолиятини ёритган энг яхши таҳририят ва журналист” танловида иккинчи ўринга сазовор бўлди.
2014 йил
* Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил 22 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, вилоят “Зарафшон” газетаси мухбири Тоғаймурод Шомуродов “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
2015 йил
* Вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан “Оммавий ахборот воситалари – жамият кўзгуси“ мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
* Вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али бошчилигидаги бир гуруҳ пойтахтлик фахрий ижодкорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
2016 йил
* 1 апрел куни Хитой Халқ Республикаси Шэньси провинциясининг бир гуруҳ журналистлари таҳририятга ташриф буюрди. ОАВ ходимлари ҳамда тадбиркорлар қатнашган мазкур тадбирда Хитой ва Ўзбекистоннинг дўстона муносабатлари, қадимдан барча жабҳаларда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани, биргина Шэньси провинцияси ҳамда Самарқанд шаҳрининг биродарлашган шаҳарлар сифатида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатгани эътироф этилди.
* 29 апрел куни Фарғона вилоятининг бир гуруҳ журналистлари, туман ва шаҳар газеталари муҳаррирлари, муҳаррир ўринбосарлари ҳамда соҳа мутахассислари вилоят Матбуот уйига ташриф буюрди ва бу ерда “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва “Овози Самарқанд” газеталари фаолияти, ходимлар учун яратилган шарт-шароит билан танишди.
Шунингдек, ушбу ташриф доирасида “Босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ишини давр талаби асосида ташкил этиш, журналистлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари” мавзусида семинар ўтказилди.
* 13 август куни “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти жамоаси Навоий вилояти Нурота зиёратгоҳига саёҳат уюштирди.
Шунингдек, саёҳат давомида Навоий шаҳри билан танишув ҳамда вилоятнинг “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти ижодий жамоалари билан мулоқот ўтказилди.
* Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил”эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармонига кўра, бирлашган таҳририят бош муҳаррири Фармон Тошев, ўринбосарлар – Ғолиб Ҳасанов ва Анастасия Павленко “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланишди.
2017 йил
* 15 апрель куни Тошкент шаҳрида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги, маърифатпарвар олим, журналист, таржимон Саидризо Ализода таваллудининг 130 йиллиги муносабати билан “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти ташаббуси билан ижодий учрашув ўтказилди.
* “Армия – юртимиз тинчлиги ва осойишталиги рамзи” республика танловида газета мухбири Бахтиёр Мустанов фотожурналистикага оид материаллар йўналиши бўйича иккинчи ўринни қўлга киритди.
* 17 июнь куни вилоят Матбуот уйида “Зарафшон” газетаси қошидаги “Журналистик маҳорат маркази”нинг 26 нафар тингловчисига сертификатлар топширилди.
* 18 ноябрь куни вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб шахмат бўйича “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари соврини учун мусобақа бўлиб ўтди.
2018 йил
* Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июндаги “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” бирлашган таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Ғолиб Ҳасанов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
* 8 декабрь куни вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишлаб шахмат бўйича “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари соврини учун мусобақа бўлиб ўтди. Унда Халқаро гроссмейстер, Жавоҳир Синдоров иштирок этиб, мусобақа қатнашчилари учун маҳорат машғулотини ўтказди.