1 декабрдан нималар ўзгаради?
2021 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигига айрим ўзгаришлар киритилади. Хусусан, метрода жетонлар қабул қилиниши тўхтатилади.
2021 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларга умумий шарҳ.
“K–SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш
“Кўчма савдо фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5136-сон, 04.06.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 декабрдан:
- кўчма савдо фаолияти тадбиркорлар томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда “K – SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бунда, рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди;
- кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича “K – SAVDO” ААТ орқали электрон аукционда сотилади.
Бунда, аукционнинг бошланғич нархи тегишли туман (шаҳар)даги ер участкасининг ер солиғи миқдорида белгиланади.
Аукцион ғолиби томонидан кўчма савдо жойининг қиймати тўлиқ тўланганидан сўнг унга “K – SAVDO” ААТ орқали автоматик равишда QR-код қўйилган гувоҳнома берилади ҳамда у мазкур жойдан 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда кўчма савдо жойидан фойдаланиш бўйича шартнома тузиш талаб этилмайди.
“Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси
“Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6247-сон, 16.06.2021 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
2021 йил 1 декабрдан:
- йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади;
- қуйидаги тадбирлар телеканаллар, шунингдек, Интернет орқали жонли эфирга узатилади:
- Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари;
- тарафларнинг розилиги билан айрим ҳуқуқбузарликларга ва оилавий низоларга оид фуқаролик суд ишлари.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг
“Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йил 1 декабрдан ҳар йил якуни бўйича коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг эълон қилиб борилади.
Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари
“Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди
2021 йил 1 декабрдан:
- чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади;
- Ўзбекистонда доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга оширилади;
- лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун миллий валютада белгиланган тўловлар БҲМнинг 10 фоизигача миқдорда белгиланади (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно).
“Масофавий электрон декларациялаш”
“Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6310-сон, 10.09.2021 й.) қабул қилинди.
2021 йил 1 декабрдан “Масофавий электрон декларациялаш” Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида:
- ветеринария ва фитосанитария органларининг ҳужжатларини “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали текширади;
- ветеринария ва фитосанитария органларининг товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади.
Шартномавий муносабатлар такомиллаштирилади
“Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6313-сон, 14.09.2021 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 декабрдан қуйидагилар бекор қилинади:
- банкларга етказилган маҳсулот учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
- давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш тўғрисида тузиладиган шартномаларида тўловни олдиндан белгилашга доир талаб;
- қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб.
Айрим давлат хизматлари кўрсатишдаги тўлов миқдорлари камайтирилади
"Давлат хизматлари кўрсатишнинг инфратузилмаси такомиллаштирилганлиги ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" Ҳукумат қарори қабул қилинди (28.10.2021 й, 661-сон).
Қарор билан бир қатор давлат хизматлари кўрсатишдаги тўлов миқдорлари камайтирилди.
Жумладан, чет тилини билиш даражаси тўғрисида малака сертификатининг дубликати берилганлиги учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилиши белгиланди (илгари БҲМнинг 50 фоизи).
Қарор 2021 йил 1 декабрдан бошлаб кучга киради.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркировкалаш такомиллаштирилади
“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркировкалаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (665-сон, 02.11.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 1 ноябргача, синов тариқасида, кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.
Метрода жетонлар қабул қилиниши тўхтатилади
Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб метрополитенда жетонлар қабул қилиниши тўхтатилади.
Ўзбекистонда коммунал хизматлар учун тўловнинг янги тизими пайдо бўлади
Ўзбекистонда “бир мижоз” тамойили жорий этилади. Шу муносабат билан, коммунал тармоқлардаги барча рақамлар (газ, электр энергияси, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқиндилар) жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамлари ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамлари билан боғланади.