1 мартдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
🔹 Қонунчиликка кўра, лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг 22 тури бекор қилинади.
Шунингдек:
🔹Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга қўлланилган жарима суммаси миқдорининг 50 фоизи 15 кун ичида, 70 фоизи 30 кун ичида ихтиёрий равишда тўланганда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилади;
🔹Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш жараёнида видео алоқа воситалари ёрдамида талабгорларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб ва шартларига мувофиқлигини масофадан туриб баҳолаш тартиби жорий этилади;
🔹Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда унинг почта манзили сифатида муассиснинг турар жойини кўрсатишга рухсат берилади.
🔹Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган айрим товарлар учун божхона божлари ундирилмайди. Бу имтиёз 2026 йил 1 мартгача амалда бўлади. Ҳужжат билан 2024 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартгача тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган қуйидаги товарлар божхона божлари тўланишидан озод этилади:
• меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебел ва инвентарлар, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар;
• чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш филтрлари;
• туризм марказларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар.
🔹Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан баланд ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, агар уларга туташ ҳудудлардаги ерларнинг камида 25 фоизи кўкаламзорлаштириш майдонларига ажратилмаган ва уларда кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилмаган тақдирда, давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилинмайди.
🔹 Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига кирувчи саноат корхоналари лойиҳа ҳужжатлари бўйича бериладиган давлат экологик экспертизаси хулосаларида ўз ва туташ ҳудудларида «яшил белбоғ»лар барпо этиш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш мажбурий бўлган талаб этиб белгиланади.
🔹 Фермерлар қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ижара ҳуқуқини сотиши мумкин бўлади. Бу ҳақда президентнинг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 мартдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат этилади.
🔹 Спорт турлари бўйича ўтказиладиган расмий мусобақалар, Ўзбекистон чемпионати ва кубогида иштирок этиши учун спортчиларнинг мансублиги ва уларнинг малакасини идентификация карталари (ID-карта) орқали аниқлаш тартиби жорий этилади;
🔹 B2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга бўлган фуқаролар томонидан тизим бошқаруви, маълумотлар базаси ва «булутли» платформани бошқариш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими йўлга қўйилади;
🔹 Нотариал идорага келмасдан, шу жумладан чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланиб, видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш мумкин бўлади;
🔹 Давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича ижара тўловларини ундириш ва уларнинг тақсимоти «E-ijara» электрон тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилади;
🔹 Техник ҳужжатларида ёки маркировкасида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи «A», «B», «C» ва «D» тегишли синфи тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган қуёш панелларини четдан олиб кириш тақиқланади. Қуёш панеллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилади;
🔹 Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилади;
🔹 Озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилувчиларга молиявий ресурслар ажратилади;
🔹 Нодавлат таълим ташкилотларига битирувчиси IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача, ногиронлиги бўлган ёш битирувчиси бундай ташкилотга ишга жойлашган ҳолларда эса 105 бараваригача бир марталик субсидия ажратиш тизимини назарда тутувчи дастур, халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини, шунингдек, инглиз тилини билиш бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатлар олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилади;
🔹 «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи ва маҳалланинг ҳамжиҳатлигини акс эттирувчи янги тартиб жорий қилинади;
🔹 Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилишида (реконструкция ва капитал таъмирлаш) маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган лифт, эскалатор, саноат ҳаво совитиш тизимлари, саноат иситиш қозонлари, трансформатор қурилмалари, қуёш сув иситкичлари ва панеллари ҳамда иситиш радиаторларининг ўрнатилиши талаб этилади.