1 майдан электр энергияси ва газ тарифларини оширилиши режалаштирилмоқда

Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси ва газ нархлари оширилмоқда, энергия истеъмолининг ижтимоий стандартлари жорий этилмоқда.

Ўзбекистонда энергия ресурслари нархларини либераллаштириш ва уларни истеъмол қилишда ижтимоий нормаларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов маълум қилди.

Унга кўра, 1 майдан бошлаб энергия истеъмоли учун ижтимоий норманинг ўлчамлари электр энергияси — ойига 200 кВт/соатгача, газ (мартдан октябргача) — 100 куб метргача, газ (ноябрдан февралгача иситиш мавсумида) — 500 куб метргача этиб белгиланмоқда.

Энергия истеъмолининг ижтимоий нормаси деганда аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Яъни, маълум бир меъёргача нисбатан паст (имтиёзли) нархда сотилади ва бу меъёрдан юқори бозор нархларида сотилади.

Янги тарифларга кўра, кўп қаватли уйларда ва марказлаштирилган тарзда озиқ-овқат тайёрлаш учун электр плиталар билан жиҳозланган ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун тариф ойига 200 кВт/соатгача бўлган ижтимоий норма доирасида 147,5 сўмдан 225 сўмга оширмоқда.

Ойига 201 дан 1000 кВт/соатгача 450 сўмга, 1000 дан 5000 кВт/соатгача 675 сўмга, 5000 дан 10 000 кВт/соатгача 787,5 сўм, 10 минг кВт.соатдан юқорсига 900 сўмга оширилади.

Бошқа маиший истеъмолчилар учун 1 кВт/соат электр энергиясининг нархи ойига 200 кВт/соатгача истеъмол қилинганда 295 сўмдан 450 сўмга, ойига 201 дан 1000 кВт/соатгача 900 сўмга, 1000 дан 5000 кВт/соатгача 1350 сўмга, 5 000 дан 10 000 кВт/соатгача 1575 сўмга, 10 минг кВт дан ортиқ 1 800 сўм оширилади.

Ноябрдан февралгача иситиш мавсумида аҳолига етказиб бериладиган табиий газнинг бир кубометри нархи газ истеъмоли 500 куб метр чегарада бўлганида 380 сўмдан 650 сўмга, 500 дан 2500 кубометрга 1500 сўмга, 2 500 дан 5 000 куб метргача1950 сўмга, 5 000 дан 10 000 куб метргача 2 275 сўмга, 10 минг куб метрдан юқорисига 2 600 сўмга оширилади.

Март-октябрь ойларида 100 куб метргача газ истеъмоли учун тарифлар 650 сўм бўлади. 101 дан 2500 куб метргача 1500 сўм, 2500 дан 5000 куб метргача 1950 сўм, 2600 дан 10 000 куб метргача 2275 сўм, 1000 куб метрдан юқорисига 2700 сўмдан тўлов амалга оширилади.

Ҳисоблагичлар йўқ бўлганда овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун бериладиган газнинг бир куб метри 660 сўмдан 1200 сўмга (+81,8 фоиз), иситиш учун 380 сўмдан 700 сўмга (+84,2 фоиз) ошади.

Аҳолига суюлтирилган газ тарифи 1 кг учун 1120 сўмдан 1600 сўмга (+42,8 фоиз) ошади.

Жорий йилнинг 1 июлидан автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчаларига етказиб бериладиган газ нархи 1500 сўмдан 1800 сўмга (+12%) ошади.