117 минг қути контрафакт сигарет Самарқандга қандай келиб қолган эди?
Аввалроқ Самарқанддаги марказий чиқинди полигонида божхона хизмати органлари томонидан қонунбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган ҳамда суд қарорига асосан йўқ қилиниши белгиланган 1,7 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари утилизация қилинганини хабар қилгандик.
Хўш, шунча миқдордаги сигаретлар Самарқандга қандай келиб қолган? Вилоят божхона бошқармаси мутасаддилари масалага ойдинлик киритди.
Маълум бўлишича, 2023 йилнинг ноябрь ойида 114 минг қути сигарет ҳамда чилим учун тамаки маҳсулотлари хориждан Ўзбекистонга олиб келинган. Ҳужжатларда унинг республикамиз ҳудудидан транзит тарзида бошқа мамлакатга олиб ўтилиши кўрсатилган.
Бироқ, кейинчалик Самарқанддаги "Жартепа" божхона постидан чиқиб кетаётган машина текширилганда юкхона бўм-бўш бўлиб, ҳужжатларда кўрсатилган тамаки маҳсулотлари йўқлиги ойдинлашган. Суриштирувлар давомида ушбу маҳсулотлар Булунғур туманидаги хонадонлардан бирига тушириб қолдирилгани фош қилинган. Шу тарзда контрафакт маҳсулотларнинг республикамиз ички бозорларига чиқиб кетиши олди олинган.
Шунингдек, жорий йилнинг май ойида вилоятда аниқланган яна бир ҳолатда қиймати 48 млн. сўмлик 2760 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган эди.
Бугун айни шу иккала ҳолат юзасидан суднинг тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш бўйича қарори ижроси таъминланди.
Жараёнда жамоатчилик вакиллари, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Мажбурий ижро бюроси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари вакиллари ҳам иштирок этди. Тамаки маҳсулотлари махсус техникалар кўмагида янчилди, сувга бўктирилди ва якунда бутунлай яроқсиз ҳолга келгач, кўмиб юборилди.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Муҳаммадиевнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг ўтган даврида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 229 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 76,2 миллиард сўмлик салкам 4,9 млн. қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,5 млн. қутини ташкил қилган.
Самарқанд вилоятида эса жорий йилда божхона ходимлари томонидан аниқланган 16 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 2,1 миллиард сўмлик 148 минг 819 тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.