120 минг долларга сотилган гилам нусхаси Самарқандда тўқилмоқда
Аввал хабар қилганимиздек, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Самарқанд вилоятида ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилаётган пресс-тур иштирокчилари ''Самарқанд-Бухоро ипак гиламлари'' қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Ипакнинг табиий бўёқлар билан рангланиши ва гилам тўқиш жараёни журналистларда қизиқиш уйғотди.
- XIX асрда Туркманистонда, жундан тўқилган гиламча Италияга 120 минг долларга сотилди, - дейди корхона бош технологи Ҳожисоатдурди Бодғизий. - Ҳунармандлар меҳнати ана шундай қимматли, қадрлидир. Корхонамизда ўша гиламнинг нусхаси тўқиляпти. Бу гиламни икки нафар ишчи бир йилга яқин вақт мобайнида тўқиб битиради. Унинг нархи янги пайтда 15 минг долларга сотилиши мумкин. Бу гиламлар қанча кўҳна бўлса шунча қиммат бўлади.
Корхонада 250 нафар хотин-қиз фаолият кўрсатади. Уларга Афғонистондан келган ҳамкор, асли туркманистонлик ҳунарманд Муҳаммадаваз Бодғизий устозлик қилади. У 99 ёшда бўлишига қарамасдан, гилам тўқийди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Ҳусан ЭЛТОЕВ (фото).