15 июндан Самарқанддаги 60 дан зиёд хусусий боғчалар фаолиятини бошлайди

Самарқанд шаҳридаги “Тимур-Файз” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида “Карантин чораларининг юмшатилиши муносабати билан мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қайта тиклаш ва босқичма-босқич ривожлантириш истиқболлари” мавзусида вилоят амалий семинари ўтказилди.

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилган.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва вилоят санитария-эпидемологик осойишталик маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур амалий семинарда мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти хавфсизлигини таъминлашда барча шароитларни яратиш, жумладан, тарбияланувчиларга зарур имкониятларни жорий этиш, биноларни зарарсизлантириш, киришда дезинфекцион туннел ўрнатиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш борасида батафсил тушунчалар берилди.

Кўргазмали семинарда вилоятимизда фаолият юритаётган 60 дан зиёд нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 15 июндан ўз фаолиятини бошлашларида барча санитария меъёрларига амал қилишлари шартлиги бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди.

Гуруҳларда болалар саломатлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий масофани сақлаш, хоналарни тез-тез шамоллатиш, ўйинчоқларни белгиланган вақтда зарарсизлантириш, устки кийим ва тиббий ниқобларни тез-тез алмаштириш, педагог-ходимлар мунтазам ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши зарурлиги тушунтирилди.

Ўзаро мулоқот, савол-жавоб тарзида ўтган семинарда вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Раҳмонов шаҳар, туман мактабгача таълим бўлими мудирлари 15 июнга қадар боғчаларга бориб ҳолатни ўрганиши, бинода барча зарур санитария-гигиеник тадбирларни амалга ошириши, тиббий ҳимоя воситалари билан таъминлаши лозимлигини таъкидлаб, жойларда бу каби кўргазмали амалий семинарлар ташкил этиш ҳақида кўрсатмалар берди.

Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.