Олимлар Самарқандда маданий меросни тиклаш ва муҳофаза қилиш масалаларини муҳокама қилди

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида маданий меросни асраб-авайлашга бағишланган "Ўтмишни асраб, келажакни барпо этиш" мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Унда ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Европа ва Осиё мамлакатларидан 200 нафарга яқин олимлар, амалиётчи ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Анжуман очилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев тадбир иштирокчиларига вилоят ҳокимининг табригини ўқиб, эшиттирди ва мазкур семинар маданий меросни асраш бўйича фанлараро интеграцияни ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

ЮНЕСКО лойиҳа раҳбари Меҳрдад Шабаҳангнинг таъкидлашича, маданий меросни асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва келажак авлодга етказишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фанлараро ёндашувни йўлга қўйиш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш зарур.

– Ипак йўли маданий меросининг тарихий аҳамиятини ўрганиш, уни муҳофаза қилиш ва тиклаш ишларини амалга ошириш учун Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети олимлари ва тадқиқотчилари билан ҳамкорлик қиламиз, – дейди у. – Ўзим бошчилигимда реставрация, экспедиция ва таълим лойиҳаларини биргаликда амалга оширишни мақсад қилганмиз. Бу ҳамкорлик нафақат илмий салоҳиятни оширади, балки талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун амалиёт мактабига айланади.

Семинарда маданий меросни асраш, замонавий ёндашувлар, рақамли технологиялар ҳамда жамоатчилик иштирокининг ўрни, тарихий иншоотларга иқлим ўзгаришининг таъсири масалалари бўйича чиқишлар қилиниб, мутахассислар билан тажриба алмашилди.

"Ипак йўли" халқаро илмий-тадқиқот институти директори Мавлуда Юсупова ўз чиқишида Ўзбекистондаги меъморий ёдгорликларнинг жаҳон маданий меросидаги ўрни, уларни тиклаш ва муҳофаза қилиш ишларидаги долзарб масалаларга тўхталди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли реставрация ишлари, айниқса, Бухоро, Хива, Самарқанд каби шаҳарлардаги тарихий меъморий иншоотларни қайта тиклаш лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, бугунги кунда нафақат моддий, балки номоддий маданий меросни ҳам тадқиқ этиш, уни илмий асосда ўрганиш ва оммалаштириш зарурлиги айтилди.