Абдушукур полвон

(Отам ҳикояси)

Жалмангнинг раиси Очил куч отга ишқибоз эди. Ўзининг ҳам боқувдаги отдек пишқирган вақти. Кўпчилик унинг соясига салом беришга шай...

У отхонада анча-мунча от сақларди. Уларни колхоз ҳисобидан ем-емиш билан таъминларди. Бари улоқчи отлар, фақат кўпкарига минилади. Бошқа вақтлар раис унга колхоз ҳисобидан меҳнат ҳақи ёздирарди. Шу вақтларда Жомда Мулла Холиқул, Худоёр полвоннинг довруғи атроф-теваракка ёйилган... Хўп даврлар эди-да!

Ҳозирги Қўчқор полвонларинг энди-энди тўдага аралашиб, бир-икки тақим қиларди. Полвоннинг номини оти чиқаради. Кейинроқ Қўчқорни Бекчанинг қора оти чавандоз қилди.

Колхознинг Қашқа, Жийрон, Оқбурун, Чўлоқ лақабли отлари жуда машҳур эди. Эҳ-ҳе... не-не отга ишқибоз ҳавасманд йигитлар бу отларни  тўйларда биргина минишни орзу қилишарди.

Полвонлардан айниқса, Абдушукурнинг юлдузи порлаган пайти. Кўри қурғур ўзиям чапдаст чавандоз эди-да.

Дарвоқе, Абдушукурнинг бир лақаби “кўр” эди. Бир кўзи узанги тегиб, оқиб тушганди. Ким билади дейсиз, балки бирорта рақиби атайин узангисини силтаб юборганмикин? Ер устидаги ғирромликлар от устига чиққанига эҳ-ҳе неча замонлар бўлган.

Полвоннинг яна бир лақаби “мерган” эди. Бу от устидаги овчи маъносида, яъни улоқ чопишдаги устамонликни, сергакликни билдиради. Мерган ердаги улоққа кўпам энкаявермасди, ўзини ҳам, отини ҳам хоритмасди, койитмасди.

Кимдир узалиб, такани ердан узган пайтини пойлаб туриб, полвон унга ташланарди, шубҳасиз, улоқни ажрим қиларди.

Абдушукур полвон овчи ўлжасини пойлагандай улоқнинг ердан кўтарилишини пойлаб, полвонларга далда ҳам бериб турарди: “Ҳа, Манзар, маҳкам бўл”, “Қўчқор, беркит”, “Намоз, тақимингга ол, оёғингни ошир!”.

Меҳнат қилиб, улоқни ердан узган полвон кўпинча панд еб қоларди. Абдушукур полвон кўтарилган улоқсиниб кетишга моҳир эди. Неча-неча анойиларга аввал далда бериб, кейин доғда қолдирмаган дейсиз, бу “Мерган”и қурғур.

Полвон улоқни қўлга киритгач, даврани бир-икки бор айлантириб ташлар, сўнгра “қойил қилдимми” дегандай оёғини узангига тираб, мағрур туриб қоларди. Баковулнинг ҳам, томошабиннинг ҳам қичқириғи бирдан эшитиларди: “Ҳалол! Абдушукур полвоннинг зотини беринглар”.

Абдушукур полвон Оқбурунни, Жийронни, Қашқа чўлоқни – булар бир-биридан зиёд отлар эди, алмаштириб минарди.

Кейинроқ Жиззах от заводидан бир от келди. Бўйдор, келишимли кўк от. Отмисан от, учқур тулпор. Териси қуёшда камалакдай товланади. Дами қайтмаган экан. Тўдани сувдек кесади. Унча-мунча от унга рўпара келолмайди. Кўтарилган улоқ қаерда бўлса, “ҳув” дейиш билан устидаги полвонини унга етказади. Полвон ҳам ҳунарини кўрсатади. Яна ўша гап: баковулнинг қичқириғи, томошабиннинг олқиши, чапаги янграйди. “Ҳалол! Шу полвониннг ҳалоли бўлсин!”.

Болам, қайси бирингга бўйинса (тенгқур), тепадаги Холмирза бор-ку?!

Шунинг отаси Боймирза раиснинг болалик дўсти эди. Бир сабаб бўлиб, Боймирзо кўнгли ярим, уйда ўтириб қолади.

Узоғи бир йил Очил куч Боймирзанинг кўнглини кўтариш учун ғам тортиб ётмасин деб, бир шамоллаб, яхши ёмонни кўриб келсин деб, Жийронни миндириб тўйга чиқазади. Орқабой тоға Қашқани минади. Раиснинг чорва бўйича муовини Эшмурод дўнг (Очил куч уни оғзига пишиқлиги учун яхши кўрарди) Оқбуруннинг эгарига қўнади. Чўлоқни раисниннг қайниси Эшмирза эгаллайди. Мен ҳам қизиқдим. Сабаб колхоз кузги ғаллани экиб бўлган, сал оромчилик. Аравага қўшиладиган Қора қашқа лақабли отим бор, улоқчи бўлмаса ҳам бинойидай от. “Отдан  қолма тойим”, дегандай чакмону жўн чолворимни кийиб, отни миниб, мен ҳам гуруҳга қўшилдим.

Очил кучнинг ўзиям бормоқчи эди-ю, аммо унинг бевосита раҳбари, Каттақўрғон каттаси Яхшиевнинг бир тадбири бор экан, раис уни ташлаб кетолмади.

Абдушукур полвон бошлиқ йигирма чоғли отлиқ Китоб туманига тўйга жўнадик. Тирамоҳ охирлашиб қолган, кечалар совуқ, аҳён-аҳёнда қор ҳам учқунлаб туради. Отлар емга тўйган, яхши совутилган, қишлоқ тўйларида чопилиб пишитилган қорсоқдай қарсиллайди.

Минжир деган қишлоқда катта йиғин бўлди. Оту томошабин катта сойга сиғмади. Чор-атрофдан манаман деган полвонлар йиғилган. Умидвор дунё. Той минган ҳам, қирчанғи минган ҳам улоқдан умидвор. Бироқ унча-мунча полвоннинг қўли улоқнинг жунига ҳам тегмайди. У вақтлар кўпкарида ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишчилик кетмайди. Ўзи зўр, оти зўр олади. Шиддатли, суровли кўпкари бўлди. Билайроқ, бўшангроқ одам ҳатто от миниб томоша қилолмайди.

Лекин  у томонларда Абдушукурнинг обрўйи баланд экан. Аввалги йили тўйга борганида қойил қилиб келган-да. Шу тўйдаям омади чопди. Яна бир Райимберди полвон деганлари бор экан. Уккағарнинг боласи, ўзиям йигитнинг тиззаси отнинг қулоғига тегаркан (шундай зўрлардан мен бошқудуқлик Нормурод полвонни билардим). Зўрлик шунча бўлар-да. Энкайса, қўли ер супуриб юраркан.

Бизнинг полвонимиз Абдушукур полвон иккала тўйнинг солимини ярим қилди-ёв. Булардан ўзгани бўлмади.

Жарчи ўшанда “ҳой, оғайнилар, ўғлинг бўлса, Абдушукурдай, Райимберди полвондай бўлсин. Хотининг ўғил туғса, отини Абдушукур қўй, Райимберди қўй”, деб жар солди. Халойиқ қарсак чалиб юборди.

Абдушукур полвоннинг ҳурматига бизга “чойлашиб кетингизлар” дегувчилар ҳам кўп бўлди.

Эртасига сўнгги тўй. Бир оқсоқолникига қўнақ жойга бордик. Бадавлат хонадон экан. Ҳовлиси молхона, қўй-қўзи, тана-турнига тўла. Отларни боғлаб, эгар юганини олиб, бостирмаларини ёпиб, бир тутамдан кўк беда бериб, оқсоқолнинг меҳмонхонасига кирдик.

Сийрак соқол, ушоқроқ жуссали чол сандалга оёғини тиқиб, ёнбошлаб ётган экан. Биз ичкарига киргач, қаддини тиклаб ўтирди. Салом-аликдан сўнг:

- Келинглар, меҳмонлар, - дея гап бошлади чол. - Мен тўйхонадан сизларга атайин сўратиб олдим. Жомлик Абдушукур полвонни яқинроқдан кўрай деб...

Ҳаммамиз бирданига тўрда ўтирган Абдушукурга қарадик. Унинг ҳам тийран кўзи ғурурдан порлаб кетди-ёв.

Ҳол-аҳвол сўратилгач, ёш бир йигит, афтидан чолнинг невараси, дустурхон ёзиб, нон қўйди, туршак, Пайшанбанинг юмшоқ парвардасидан, сариқ майизни мўл-кўл сочиб ташлади.

Зерикиб ётган қария гурунгталаб одам экан. Жомдаги таниш-билишларини сўради.

- Холбозоров раис қалай эди?

Эшмурод дўнг - Холбозоровнинг Жомдаги сафдоши жўяли жавоб берди. Чол раисни мамнуният билан эслади, алқаб гапирди. Холтўра ҳисобчини от тутди. Бир вақтлар бир масалада иши тушган экан, оғриниброқ гапирди,  нолинди.

Чол хиралашган кўзларини катта-катта очиб, тўрда чўзиниб ётган Абдушукурга дамба-дам қараб қўяди.

Отларга қарамоқ баҳонасида ташқарига чиқиб, ҳовлига разм солдим. Меҳмонхонанинг орқасидаги бостирмали қўтонда бир хил қўчқорлар бор эканки, қуйруғини кўтаролмай ётибди, баъзилари аранг юрибди, қолганлари охурдан “кирт-кирт” беда чайнайди. Бобой дадил экан.

Кўнглимиздан шу фикр ўтди. Хуфтонни ўқиб, отларни суғориб, тўрваларини илдик. Уйга кирдик. Ош келди. Негадир сопол товоқларга сузилган ош кўзимизга оздай кўринди.

Нафсимиз қурсин, кун совуқ, иштаҳа очилган. “Оббо, чоли тушмагур қурумсоқроқмикан?”. Бу ўй ҳам хотирга келди. Ош қуйруқ ёғида пиширилган эди. Аммо кўп еёлмадик. Ёғи ўткирлик қилди. Чимхўрларимиз уч-тўрт олдик, ошхўрларимиз ҳам товоқни охирлата олмадик.

-   Олинглар, меҳмонлар! Чол бизни ош ейишга ундар эди. Ошнинг ёғи жуда ўткир экан, бетдан олган эди, бетламайроқ турган эдик. Чол хаёлимизни уққандай:

-   Олинглар энди, ош келганда, оз сузибди деб ўйладинглар-ку, - деди.

Биз баравар бир-биримизга қарадик.

-   Эй-й, болаларим, бобонгиз бу қўйларни камида икки йил боққан, мен икки йил боқмасдан, қўй сўймайман. Олинглар, ош бўлсин!

Уккағарнинг чоли. Қойил, ҳаммамиз мезбон чолга тан бердик.

Абдушукур чарчаган эди, таомга ҳам раъйи бўлмади. Тезда ухлаб қолди. Бошқаларимиз секин-секин гаплашиб, алламаҳалгача ўтирдик. Сўнг отларнинг тўрвасини олиб, биз ҳам ётдик...

Сўнгги тўйни ўтказиб уйга қайтяпмиз. Хуржун-тўрваларимиз калиш, гилам, этик, улоқ каби солимларга тўла. Шўх-шодон гурунглашиб, намозгар вақтда қишлоққа кирдик. Паға-паға қор ҳам ёға бошлади. Ўйнаб ёғаётган қор зарралари чакмон кийган елкаларимизга, бошларимизга, отларнинг ёлига қўнарди.

Орқабой тоға дарвозасига етганда бурилиб, ҳовлисига кириб кетди. Кўнгил учун бўлса ҳам “тушинглар”, демади. Биз йўлда давом этдик. Уйимизга етиб келганимизда қор калиш кўмарли даражага етган эди.

Қор - оқлик, севинч, яхшилик хабарчиси, қор - болалар ўйин кулгуси, мўл ҳосил гарови, ризқ-рўз, эзгуликка чорловчи осмоннинг оқ капалаги.

Боймирзанинг хотини иккиқат экан, кўзи ёрибди. Кўзибоқар топибди. Барчамиз хурсанд бўлдик. Минжирдаги ўша жарчининг айтганини қилиб, раис бошчилигида маслаҳатлашиб, чақалоққа Райимберди деб от қўйдик. Энди Жомда Абдушукурга қўшилиб, унинг изидан Райимберди полвон ҳам чиқади...

Қаюм ТУРҒОНОВ,

Халқ таълими аълочиси,

 “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.