Ҳар қандай сиёсий мақолани ҳам "диктовка" қилган моҳир муҳаррир

Мен 50 йиллик фаолиятим давомида жуда кўп воқеаларни кўрдим, хўп ажойиб одамлар билан танишдим, ишладим ва дўстлашдим. Ана шундай бағрикенг зиёлилардан бири Аҳмаджон Мухторов эди.

У киши билан илк бор 1976 йил ёз пайтида, таҳририятга ишга келганимда танишганман.

Вилоятнинг рус тилида чиқадиган «Ленинский путь» (ҳозирги «Самаркандский вестник») газетаси редакцияга таржимон сифатида ишга кирдим. Ўшанда вилоят ҳаётида бўлаётган барча сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг воқеалари иккала вилоят газеталарининг саҳифаларида баравар чоп этиларди. Табиийки, бу жараёнда камина таржимон сифатида жуда фаол қатнашдим. Газетанинг аксарият сиёсий, иқтисодий ва маданий мавзудаги материаллари бош муҳаррир Аҳмаджон ака Мухторов томонидан тайёрлаб бериларди. Шунинг учун мен у киши билан деярли ҳар куни учрашар, таржималарни ўқиб кўриб, муҳокама қилардик.

Бир куни Аҳмаджон ака мени чақириб «Таржималарингиз яхши, сифатли, рус тилини жуда яхши биларкансиз. Лекин нима учун сиз ўзингиз она тилида мақолалар ёзмайсиз», деб танбеҳ бердилар. Ўшанда мен у кишига мактабда ва университетда фақат рус тилида ўқиганимни, ўзбек адабий тилини яхши билмаслигини айтдим.

- Бу ишингиз мутлақо яхши эмас, - деди Аҳмаджон ака. – Ҳақиқий таржимон икки тилни ҳам мукаммал билиши лозим.

Шундан кейин мен ҳар куни Пушкин номидаги кутубхонага бориб, ўзбек тилини яхшилаб ўрганишга киришдим. Бир йил ичида жуда кўп китоб мутолаа қилдим. Уйга келиб, матнларни овоз чиқариб ўқидим. Аста-секин туманларда қўлланиладиган шеваларни ҳам ўргандим.

Кейинчалик иш жойида Аҳмаджон ака билан жуда кўп ишладим. Бу инсон тавсияси билан мухбир, катта мухбир, бўлим бошлиғи вазифаларида ишладим.

Ўша йиллари вилоятимизда барча соҳаларда жамоатчилик асосида сифат комиссияси ташкил этилди. Редакция ходимлари ҳам ўша сифат комиссияси аъзолигига киритилди ва ҳар ҳафта газета саҳифаларида ёки бу соҳа бўйича комиссия хулосалари ҳақида ҳисобот бериларди. Ўшанда менинг иш ҳажмим кенгайиб кетди. Чунки Аҳмаджон ака вилоят сифат комиссиясининг ҳисоботлари ҳамда вилоят раҳбарларининг нутқларини газетада икки саҳифада ёзиб борар эдилар. Эътиборлиси, Аҳмаджон ака ҳар қандай сиёсий мақолани "диктовка" қилиб, ёзиб ташлаш қобилиятига эга эди. Мен бу саҳифаларни ўша куниёқ таржима қилар эдим, баъзи кунлар 42-45 бетлик қўлёзма варақларни ёзишга тўғри келарди. Бу жуда машаққатли иш эди. Бундан ташқари, таржималарни Аҳмаджон ака билан яна бир маротаба ўқиб, таҳрир қилиш керак эди.

Бир куни иккала таҳририят ходимлари қўшма йиғилишида Аҳмад ака ҳаммага қараб савол бердилар. «Биласизларми, вилоятимизда энг кучли, энг билимдон ва энг тезкор таржимон ким?». Бироз сукутдан кейин, ўзлари жавоб бердилар:

- Демак, вилоятимизда таржимон номер 1, бу – Фозилжон Абдураупов ва иккинчи номер – камина, яъни мен бўламиз, - дедилар.

Ҳамма қарсак чалиб кулди. Роса фахрландим. Ростдан ҳам А.Мухторов рус тилини яхши биларди.

Ўша даврда - ҳамма русий забон бўлиб турган бир пайтда Аҳмаджон ака ўзбек тилига, она тилимизга жуда катта аҳамият, меҳр ва муҳаббат билдириб келганини кейин англадик.

Фозил Абдураупов,

фахрий журналист.