Меҳр

Онаси Мирҳосил ва укаларини қарғаганча ҳовли супурарди. Бундан зада бўлиб қолган Мирҳосил кўз остидан илтижоли нигоҳ билан отасига қаради. У ҳар доимгидек бепарво. Нонушта унга татимади. 

Онам бизни ўзи туққанмикин ёки асраб олганмикан-а? Хаёлан ўзига савол берарди у. 12 ёшга тўляпман-у, бирор марта суйиб эркалаганини эслай олмайман... 

“Мирҳосил, тез бўл! Далага чопиққа бор”, деган овоздан чўчиб тушди. 

- Ойи, билагимдаги чипқонга қаранг, иссиқда шишиб кетди. Қаттиқ оғрияпти. Дўхтирга олиб боринг. 

- Уйда пул йўқ, ўлмайсан, далага жўна! - деди онаси совуққина. 

Мирҳосил кетмонини олиб, далага отланди. Қўлидаги яра оғриб, безовта қилишини ҳисобга олмаса, уйидан дала минг чандон яхшироқ. Онасининг тинимсиз жаврашини эшитмайди. Тўғри, онаси Мирҳосилнинг кийимларини ювади, овқат пишириб беради. Лекин барибир унга нимадир етишмайди. 

Унинг Муҳриддин деган дўсти бор. Баҳорда унинг онаси Омина хола вафот этди. Анча вақтгача Муҳриддин кўчага чиқмай қўйди. Мирҳосил дўстининг кўзлари жуда дардли боқадиган бўлиб қолганини сезиб, унга ачинарди. 

Омина холани жуда яхши биларди. Онасининг феълидан безиб, уй кўзига тор бўлиб кетганида кўпинча Муҳриддинларникига борарди. Омина хола шундай меҳрибон эдики, Мирҳосилнинг ўзига қолса Муҳриддинларникида жон деб бир умр қоларди. Уларникида бир куни чой ичиб ўтирганида Омина хола. 

 «Ўғлим, нега хомуш бўлиб юрасан?», дея қўллари билан Мирҳосилнинг бошини силади. Ёқимли бир ҳис унинг вужудига маҳкам ўрнашди. Эсини таниганидан буён у бундай ёқимли ҳисни туймаган эди. 

Ўша воқеадан кейин Муҳриддинларникига тез-тез борадиган бўлди. Омина холадан “Бошимни яна бир марта силаб қўйинг”, деб илтимос қилгиси келарди. Аммо айтолмасди, айтишга тили бормасди. 

Афсус, Омина хола энди йўқ. Даладан қаттиқ чарчаб қайтган Мирҳосил наридан бери овқатланиб ухлаб қолди. Тушида Омина хола Мирҳосилнинг бошини силаётганмиш.... 

У бировнинг қаттиқ турткисидан чўчиб уйғонди. Кўзини очса, онаси нималарнидир жавраб тепасида турарди. У “Қанийди тушим узоқ давом этса”, дея ўзига ўзи шивирлаб қўйди-да, ўрнидан қўзғалди. 

Неъмат АСҚАРОВ.