Инсультни даволаш бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади

Яқинда Президентимиз ҳузурида соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва тиббий ёрдам сифатини ошириш бўйича ўтказилган таклифлар тақдимотида сўнгги йилларда баъзи касалликлар қатори инсультга чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани таассуф билан қайд этилди. 

 Чиндан ҳам, инсульт — ўлим кўрсаткичи юқорилиги бўйича дунёда юрак-қон томир ва онкологик хасталиклардан кейинги ўринда туради. Қолаверса, бу дард — жаҳонда ногиронликнинг асосий сабабларидан биридир.

 Хўш, ушбу касаллик қайси белгилар билан намоён бўлади? Келиб чиқиш сабаблари нималардан иборат? Инсультни самарали даволаш ва унинг олдини олиш борасида давлатимиз томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

  Миллий тиббиёт маркази директори Мақсуд Саидовдан шу каби саволларга жавоб олдик.

 — Мияда қон айланишининг ўткир бузилиши билан кечадиган мазкур хавфли хасталикнинг икки тури мавжуд — геморрагик ва ишемик, — дейди мутахассис. — Геморрагик инсульт миядаги қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, мия тўқимаси, тўр ости бўшлиғи ёки мия қоринчаларига қон қуйилиши билан кечади. 

 Хасталикнинг бу турида бемор қайт қилади, юзи қизаради, уйқучан бўлиб, энса мушакларида спазм ҳосил бўлади ва кўз тўр пардасига қон қуйилади. Геморрагик инсульт тўсатдан бошланиб, жуда тез ривожланади.

 Ишемик инсультда бош мияни озуқа билан таъминловчи асосий қон томирлари беркилиб қолади ёки майда томир тармоқларида спазм ривожланади.

 Инсультни келтириб чиқарувчи қатор омиллар бор. Қонда холестерин миқдорининг ошиб кетиши, алкоголь маҳсулотлари истеъмоли, кашандалик, кам ҳаракатлик, стресс, атеросклероз, артериал гипертония, қандли диабет ва юрак аритмияси шулар жумласидандир.

 Улар орасида артериал гипертония, яъни қон босими ошиши энг хавфли омиллардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, атеросклероз ҳам инсультни келтириб чиқариши мумкин.

 Чекиш эса бу касаллик ривожланишини деярли 2 баробарга оширади, қон ивишини кучайтириб, тромблар ҳосил бўлишини тезлаштиради. Томирларни торайтиради, уларнинг ички деворига зарар етказади.

 Спиртли ичимликлар истеъмоли ҳам инсультга олиб борувчи хатарли омиллардан яна бири эканлиги исботланган. Шу боис касалликнинг олдини олиш учун, албатта, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, лўнда қилиб айтганда, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилиш зарур. 

  Президентимиз ҳузурида бўлиб ўтган таклифлар тақдимотида шу масалага алоҳида урғу берилиб, бирламчи бўғинда сунъий интеллектни кенг қўллаган ҳолда бундай касалликларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича янгича протокол ҳамда ёндашувлар жорий қилиниши айтилди. 

  Хусусан, ЭКГ-телеметрия, телемедицина, тромболизис терапия, стентлаш ва тромбоэкстрация йўлга қўйилади. Инсульт белгиларини эрта аниқлаш алгоритмини оммалаштириш ва аҳолига ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади.

 Бундан ташқари, куни кеча қабул қилинган Президентимизнинг тегишли қарори асосида Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази Неврология ва нейрореабилитация миллий тиббиёт маркази деб қайта номланди.

 Янги муассаса тўлиқ қувват билан иш бошлагач, бу ерда йилига 3 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти пайдо бўлади. Бунинг учун 150 нафар мутахассис хорижда малака ошириб қайтади.

Албатта, ушбу чора-тадбирлар яқин истиқболда аҳоли ўртасида қатор неврологик касалликлар, жумладан, инсультни, пировардида ногиронлик ва меҳнатга лаёқатсизликни камайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлиди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.