Пиёдалар йўлаклари ва спорт майдончалари нега эътибордан четда қоляпти?

Пиёдалар ва велосипед йўлаклари фақатгина хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш учун эмас, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, замонавий шаҳарсозликни ривожлантириш ва тирбандликни камайтириш мақсадида ташкил этилган. Бироқ амалда йўлаклардан бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда.
Хусусан, Самарқанд шаҳрининг Буюк ипак йўли ҳамда Сартепадаги Туркистон кўчалари ёқасидаги пиёдалар йўлакларидан автотураргоҳ сифатида фойдаланиляпти, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ноқонуний савдо ва хизмат кўрсатиш учун эгаллаб олинган.
Бундан ташқари, мазкур йўлаклар яқинида бошланган ободонлаштириш ишлари якунига етмаган, ариқлар чиқинди билан тўлган. Бу ҳолат фақат йўл ҳаракати хавфсизлигига эмас, балки санитария ва экологик ҳолатнинг ёмонлашишига, аҳолининг турмуш сифати ва шаҳар муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шаҳардаги кўп қаватли уйлар ҳудудида жойлашган спорт ва болалар майдончаларининг ҳолати ҳам қониқарли эмас.
Кузатувларимиз давомида мазкур майдончаларда шуғулланаётган ёшлар ёки вақтини мазмунли ўтказаётган болаларни учратмадик. Чунки аксарият майдончаларнинг ҳудуди қазилган, жиҳозлар чанг билан қопланган, тупроқ уюмлари йиғилиб қолган.
Мирзо Бедил маҳалласи ёшлар етакчиси Абдулазиз Эшматовнинг маълум қилишича, маҳаллада бешта соғломлаштириш майдончаси мавжуд бўлиб, уларнинг хавфсизлиги бошқарув сервис компаниялари зиммасида. Аммо ушбу майдончалардан бошқа маҳаллалар ёшлари ҳам фойдалангани боис айрим жиҳозлар таъмирталаб ҳолатга келган.
Ҳозирда шаҳарда иссиқлик ва ичимлик суви тизимини яхшилаш мақсадида амалий ишлар бошланган ва спорт майдончалари ҳудудида ҳам тармоқ тортилмоқда. Шу боис айрим жиҳозлар вақтинча олиб қўйилган бўлиб, лойиҳа якунига етгач, улар қайта ўрнатилиши ва майдонлар таъмирланиши режалаштирилган.
Худди шундай ҳолат Сартепа массивидаги кўп қаватли уйлар ҳудудида ҳам кузатилди.
– Маҳаллада 4600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, - дейди Ҳофиз Шерозий маҳалласи раиси Зафар Суннатов. – Ҳудудда учта спорт ва саккизта болалар майдончаси мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти 1980 йил ўрталарда қурилган. Жиҳозлар эскирган ва таъмирга муҳтож. Иссиқлик тизимини янгилаш лойиҳаси доирасида бу майдонлар ҳудудидан қазиш ишлари ўтказилмоқда. Қурувчи ташкилот ишлар якунлангандан сўнг майдонларни ободонлаштиришни ваъда қилган.
Иссиқлик тизимининг янгиланаётгани яхши, албатта. Аммо бу ишлар қанча пайтда тугаши, спорт ва болалар майдончалари қачон таъмирланиши бўйича ҳеч ким тайинли гап айтмади. Хўш, бу борада масъуллар нима дейди?
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.