Аэрогеодезия ернинг топографик харитасини тузишда муҳим жараён

2020 йил 2 июлда “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун республикамизда геодезия ва картография фаолиятининг асосий тамойиллари ва соҳани давлат томонидан тартибга солиш тўғрисидаги нормаларни ўз ичига олган. Хўш, мазкур қонун қабул қилинишига қанчалик эҳтиёж бор эди ва энди геодезия соҳасида нималар ўзгаради? Самарқанд аэрогеодезия корхонаси бошлиғи Равшан ҲОТАМОВга шу каби саволлар билан мурожаат қилдик? 

- Геодезия қандай соҳа эканлигини кўпчилик тўлиқ англаб етмайди ва билганлар ҳам ер ўлчовчи ташкилотларидан бири деб ўйлайди, - дейди Р.Ҳотамов. - Қайсидир маънода бу ҳам тўғри. Лекин геодезия соҳаси барча қурилиш ишларида, конларнинг геодинамик тадқиқотларида ва топографик хариталар, нивелир баландлик тўрлари яратишда, катта ва кичик масштабли съёмка ишларини бажаришдаги жараёнларда хизмат қилади. Давлат режали ва баландлик тўрларини ишчи ҳолатда сақлаб туриш, мавжуд триангуляция пунктларининг сақланишини назорат қилиш, геодезия ва картография фаолиятининг тизимлилиги ва узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. 

Соҳанинг муҳимлигини ҳисобга олиб 1997 йил 25 апрелда  геодезия соҳасидаги дастлабки қонун қабул қилинган ва 23 йил давомида деярли ўзгартириш киритилмаган. Геодезия ва картография соҳасидаги ўзгаришлар, янги геоинновацион лойиҳаларнинг кириб келиши ва геофазовий маълумотларни геоахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда ўрганиш, яратиш, улардан фойдаланиш жараёнидаги муносабатлар, геодезия ўлчовларининг ягоналигини таъминлаш, давлат кадастри тизимидаги муносабатлар, лицензиялаш механизмларини йўлга қўйишда янги таҳрирдаги қонунга эҳтиёж сезилди. Шу боис, 2020 йил 2 июлда “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун соҳадаги муносабатларни тартибга солиб, бир қанча ноаниқликлар, фаолият ривожига тўсқинлик қилувчи талаблар,  ҳозирги замон талабига жавоб бермайдиган номутаносибликларни бартараф этади. 2020 йил 2 октябрдан кучга кирган мазкур қонун билан тадбиркорлар ва давлат ташкилотлари томонидан яратилган маҳсулотларга муаллифлик ҳуқуқи ўрнатилади. Геодезия ва картография  фаолиятини амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилади ва рақамли технологияларни қўллаган ҳолда ишларни юқори илмий-техник даражада бажаришга эришилади.

- Вилоятимизда аэрогеодезия соҳасидаги ишлар қачондан бошланган ва ҳозирда қандай хизматлар кўрсатилади?

- Ҳозирда республикамизда аэрогеодезия соҳасида фаолият юритувчи 2 та корхона  бор ва Самарқанд аэрогеодезия корхонаси энг муҳим минтақавий корхоналардан бири ҳисобланади. Корхонага 1953-1954 йилларда асос солинган ва биз барча турдаги геодезия-картография йўналишларда фаолият олиб борамиз. Шунингдек, корхонамизда турли масштабдаги топосъёмкалар, 1:500 дан  1:100 000 гача бўлган масштабдаги рақамли топографик режа ва хариталарни янгилаш ва яратиш, давлат геодезия сунъий йўлдош тармоқларини яратиш, давлат нивелирлаш тўрларини барпо этиш ва янгилаш, рақамли ортофоторежалар яратиш, аэро ва космик суратларини қайта ишлаш, давлат чегараларини делимитация-демаркация қилишда топогеодезик ишлар, геодинамик тадқиқотлар, муҳандислик геодезия қидирув ишлари ўтказилади. 

- Ҳозирда барча соҳаларга инновацион технологиялар жорий этилмоқда. Геодезия соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

- Геодезия ва картографиянинг барча соҳаларида, хусусан, геология, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, авиация, мудофаа ва хавфсизлик, халқ хўжалигининг турли йўналишларида тутган ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Кейинги йилларда соҳага инновацион техника ва технологияларнинг жорий этилиши ишлаб чиқариш жараёнларида ижобий натижа бермоқда. 

Жумладан, республикамизда 50 дона доимий фаолиятдаги сунъий йўлдош тизимида ишловчи геодезик пунктлар, рақамли картография, электрон геодезик ўлчов асбоблари, замонавий дастурий таъминотларнинг татбиқ этилиши ишлаб чиқариш самарадорлигини бир неча баробар оширди. Шунингдек, картографик-геодезик маҳсулотлар ва маълумотларнинг аҳоли томонидан қулай тарзда фойдаланилишига имкон яратади.

- Геодезия соҳаси учун мутахасссислар тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари қандай ташкил этилган? 

-  Соҳани ривожлантиришнинг устувор талабларидан бири бу кадрлар масаласи. Бошқа соҳаларда бўлгани каби, геодезия ва картография йўналишида ҳам кун сайин янги ўзгаришлар, замонавий техника ва технологиялар ривожланиб бормоқда.   Янгича фикрлайдиган, инновацион техника ва  технологияларни тезда ўзлаштирадиган, замонавий кадрларни тайёрлаш Самарқанд аэрогеодезия корхонасининг асосий йўналишларидан биридир. Бунинг учун Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти билан бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Республикамизда геодезия ва картография йўналишида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва замонавий техника ва технологиялар билан таништириб бориш мақсадида корхонада ўқув марказини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ суҳбатлашди.