“Афросиёб” сотувга қўйилди

Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб Палас” ДУК меҳмонхонаси “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали аукционга чиқарилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармаси хабар бермоқда.

Ушбу меҳмонхона учун 5 475 205 190 сўм бошланғич нарх белгиланган ва бир қатор шартлар киритилган.

Жумладан, 12 миллион АҚШ доллари сармоя киритиш, 100 та янги иш ўрни яратиш, 2021 йил якунига қадар 280 номерли, шундан камида 1 таси “Президент номерли” меҳмонхона ташкил этиш, бунда хизмат кўрсатиш даражасини камида 4 юлдузли халқаро стандарт меҳмонхоналарга мос келадиган меъёрларга етказиш лозим.

Ўрнатилган тартибда архитектура қоидаларига мувофиқ реконструкция қилиш масалаларини Маданият вазирлиги ва ЮНЕСКО билан келишиш шарти билан мулкий мажмуага тегишли ҳудудни зарур инфратузилма ва автотураргоҳни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш керак.

Барча кредиторлик қарздорликларини тўлаб бериш шарти қўйилган.