Барча муассасаларнинг асосий воситаларини сотиш Е-акцион орқали амалга оширилади
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 24 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан фонд биржасига чиқарилган давлат акция пакетларини сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат савдо жараёнларида камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.
Барча муассасаларнинг асосий воситаларини сотиш ёки ижарага бериш Е-акцион электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади.
2023 йил 1 июлдан жисмоний шахсларга “Давлат мулки” ахборот тизими орқали майдони 2000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича бўйича аризалар бериш ҳуқуқи берилади.
2023 йил 1 сентябрдан кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали QR-код қўйилган ҳолда берилади.
Онлайн аукцион савдоларида давлат мулки объектларини сотиб олган харидорлар билан шартномалар савдо натижаси бўйича баённома асосида Е-аукцион электрон савдо платформасида электрон шаклда (шу жумладан электрон имзо орқали) расмийлаштирилади.
Ҳар чоракда тегишли бошқарма ва ташкилот ходимлари жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинмоқда. Инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклда тақдим этиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг электрон базасини “Давлат мулки” ахборот тизимига интеграция қилиш ва тадбиркорлар электрон тизимига киритадиган маълумотлар орқали ҳисоботларни олиш йўлга қўйилади.