“Танк”сиз тендер қачон бўлади?
Кейинги кунларда содир бўлган нохуш ҳодисалар қурилиш соҳасига холис баҳо бериш, бундан жиддийроқ хулоса қилишга ундамоқда.
Одатда, бирор воқеа содир бўлгандан кейин зўр шаҳд билан калтак синадиган бошни қидирамиз, жилла қурса кўнгил таскини учун. Унгача эса қозиқ қоқилганидан бошлаб, объект очилгунча зўр бериб қурилиш ишларини шарафлаймиз. Холисона таҳлил этадиган бўлсак, мазкур воқеликда биргина пудратчи фирмаларининг ўзигина айбдор эмас. Бунда илк бор режалаш ишларини олиб борувчи лойиҳа институтидан тортиб, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам, техник назоратчидан тортиб, дуруст бир нигоҳ ташламасдан лойиҳани маъқуллайдиган масъулларгача барча айбдор.
Қурилиш соҳасидаги энг муҳим жараён, бу – шубҳасиз тендер. Аммо бизда бу нохолис, керак бўлса, коррупциялашган тадбир, бошланажак қурилиш объектининг пойдеворига кетган дастлабки дарз. Бу соҳада таниш-билишчилик, ака-укачилик шу қадар авж олганки қатнашувчи пудрат ташкилоти ўзининг қурилиш техникаси эмас, балки биратўла «танка»сини ишга солади. Тендер мутасаддилари эса иззат-икромдан объект таннархи арзонлигига эътибор қаратиб, каромат кўрсатувчи қурувчини ўз мезонида саралайди. Кейинчалик эса тендерда ғолиб бўла олмаган қурилиш корхоналари ўша объектда субпудратчи сифатида ишлайди, маблағ эса ғолибнинг ҳисобрақамига келиб тушади, ишлатиладиган қурилиш маҳсулотлари ҳам кимнингдир корхонасидан марказлашган ҳолда яхшигина нархга олиб келинади.
Ҳалол қурувчини қинғирликка бошлайдиган ҳам - тендер. Чунки тендер май ойида ўтказилади, объектни топшириш муддати эса августда, лекин молиялаштириш ишлари икки-уч ойдан кейин бошланади. Баъзан эса беш ойгача ҳам чўзилиши мумкин, бу вақтда нарх-наво ўзгаради, қарабсизки бу ҳам қурилиш сифатига таъсир кўрсатади. Қурилишдаги қинғирликлардан яна бирига эътибор қилинг: объектга яқин манзилда сифати текширилган керакли қурилиш материали ишлаб чиқарилади, лекин қурувчи кимнингдир кўрсатмаси асосида анча олисдан яна қиммат нархга қурилиш материали келтиришга мажбур. Шу каби қинғирликлар билан бино қурган қурувчи икки-уч йилдан кейин корхона номини ўзгартириб, бошқа ном билан ишлайверади, сифатсиз қурилган бино учун жавобгарлик кимнинг зиммасида қолади?
Бизнингча, йирик қурилиш объектларини вақтинчалик ишлайдиган қурилиш корхоналарига эмас, қурилиш соҳасида етакчи бўлган давлатларнинг тажрибали корхоналарига ва улар билан ҳамкорликни йўлга қўйган маҳаллий корхоналарга бериш керак. Ўшанда улар ҳам шаклланади, инвесторлар билан ҳамкорлик қилади. Энг асосийси, қурилишда сифат яхшиланади.
Шуҳрат НОРМУРОДОВ.