Аграр соҳадаги барча техникумлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилади

Президент иштирокидаги йиғилишда аграр соҳа учун замонавий билимга эга ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Аграр университет билан тизимдаги коллеж ва техникумларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаши зарурлиги таъкидланди.

Бугунги кунда Жиззах, Тошкент ва Фарғонада 3 та қишлоқ хўжалиги техникумини модернизация қилиш бошланди.

“Лекин қолган 31 та техникум ва коллеж билан, 83 та касб-ҳунар мактаби билан қачон шуғулланамиз?”, дея савол қўйди Президент.

Қишлоқ хўжалиги ва олий таълим вазирларига икки ой муддатда техникумлар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бунда:
- аграр соҳадаги барча техникумлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилади;

- кластер ва бошқа йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари билан ҳамкорликда техникумлардаги ўқув дастурлар, методологияси, дарсликлар ва амалиёт тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади;

- техникумлар янги ташкил этиладиган агрохизматлар марказлари билан узвий боғланади.