Аҳмаджон Мухторовни ёд этиб...

Ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида Аҳмаджон Мухторовни Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раислигига сайлашди.
Ўшанда мен “Ленинский путь” газетасида ишлардим. У киши мени мазкур ташкилотнинг масъул котиблигига жамоатчилик асосида ишлашга тавсия қилди. Раиснинг иши раҳбарлик билан боғлиқ ва анча кўп, менинг вазифам эса бошқарув йиғилишлари баённомаларини ёзиб бориш ва айрим техник масалаларни ечишдан иборат эди. Ҳисоботлар ёзиш, аъзолик бадалларини йиғиш, уюшмага аъзоликка кирувчиларнинг ҳужжатларини тахлаш ва ҳоказолар.
Биргаликдаги иш фаолиятимизнинг биринчи куниданоқ Аҳмаджон ака менга нисбатан жуда ғамхўрлик қилар, юзага келадиган муаммоларни ечишда ёрдамлашарди. Ўз навбатида мен ҳам унинг ишончини оқлашга ҳаракат қилардим. Шуниси ҳайратланарли эдики, у кишида ўзида журналист ва муҳаррирлик фазилатлари узвий эди. Барча саҳифалар чоп этишга берилганидан сўнггина уйига кетарди. Одатда истеъдодли журналист яхши ташкилотчи, яхши муҳаррир эса қобилиятли мухбир бўлолмасди.
Мазкур фазилатларга унинг интизомлилигини ҳам қўшмоқчиман. Бир куни Булунғур туманида область партия комитетининг кўчма йиғилиши ўтказилди. Унда райкомнинг биринчи котиби (адашмасам Ризаев)нинг масаласи кўрилди. Масала моҳияти менга қоронғи. Қисқаси, уни ишдан олишди. Йиғилиш оқшомда тугади. Мажлис қатнашчилари тарқала бошладилар. Райкомнинг собиқ котиби шаҳарда яшарди. Лавозимдан олиниб, хизмат машинасидан ҳам маҳрум бўлган раҳбарни шаҳарга олиб кетишга ҳеч ким бетламасди. У бир чеккада мунғайиб турарди. Шунда Аҳмаджон ака унинг олдига бориб, собиқ раҳбарни ўзининг машинасига таклиф қилди.
80-йилларнинг иккинчи ярмида республикада салбий ҳолатларга қарши курашни кучайтириш, “пахта иши”ни кенгайтириш мақсадида марказдан Ўзбекистонга мутахассислар юборилди. Уларнинг кўпчилиги маҳаллий аҳолининг ҳаёти, анъаналарини билмас, бу ерга мансаб пиллапояларидан кўтарилиш учунгина “командировка” қилинган эди. Бошқалари эса ўзларини фақат назоратчи, раҳбар ўрнида кўрардилар. Минглаб жиноят ишлари очилиб, оммавий қатағонлар бошланиб кетди. Аммо бу қатағонларнинг илдизи Москвада эди. Айни пайтда бутун мамлакатда демократик янгиланишлар ҳам бошланганди. А.Мухторов республика етакчи газетасининг бош муҳаррири сифатида ўша йиллари муқобиллик асосида собиқ СССР халқ депутати қилиб сайланди. СССР халқ депутатлари съездида Аҳмаджон аканинг қисқа аммо сермазмун чиқишини ўшанда телевидениенинг тўғридан-тўғри репортажи орқали кўрганман. У ўша чиқишида қўрқмасдан мазкур қатағонда марказий ҳокимиятни айблаб гапирганди.
Аҳмаджон ака нима учун муҳаррирликдан ишдан олинганини билмайман. Менинг фикримча, ўшанда бундан ўзбек журналистикаси ютқазди.
Яна Аҳмаджон аканинг Самарқанддаги фаолиятига қайтсак. Унинг кўплаб шогирдлари бор эди. Кейинчалик улар машҳур журналист ва ёзувчи бўлиб етишдилар. Шахсан мен у кишидан жуда кўп нарсани ўргандим. Ишга муносабат, касбимга ва ўз-ўзимга талабчанлик, ҳаётни бор қирралари билан кўра олиш шулар жумласидан.
Яна бир шахсий мулоҳазамни айтмоқчиман. Балки, вилоят журналистлар ташкилоти икки йилда бир марта А.Мухторов номидаги танлов ўтказиб, энг яхши журналистик ишлар муаллифларини тақдирлаб борар? Балки, қадим Самарқанднинг бирорта кўчасига у кишининг номи берилар?
Бу фикрларим учун олдиндан узр сўрайман. Негаки, мен ердан 30 йил илгари кетганман ва шунинг учун ҳам ҳозирги вазиятдан бехабарман. Аммо, Аҳмаджон аканинг номи самарқандликлар юрагида доимо қолиш учун муносиб деб ўйлайман.
Энвер ИБРАГИМОВ,
Симферополь.
P/S. Аҳмаджон Мухторов 1936 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. 1973-1986 йиллар давомида «Зарафшон» (собиқ “Ленин йўли”) газетасига муҳаррирлик қилган, кейинчалик “Қишлоқ ҳақиқати”, “Халқ сўзи” газеталарини бошқарган. Миллий матбуотимиз шаклланишида унинг алоҳида ўрни бор эди. Энвер Ибрагимовнинг билдирган фикри ва эҳтироми устоз-журналистга бўлган ҳурмат рамзидир.