Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алишер Навоий Ҳирот ва Хуросоннинг буюк меъмори

Алишер Навоий Ҳиротда вазир бўлган йилларида бутун кучини мансаб ва шон-шавкат учун эмас, балки эл-юрт учун хизмат қилишга, одамларнинг ҳар қандай ишини халқ фаровонлигига йўналтиришга, бунёдкорлик ва маърифатга қаратди.

Навоий “фуқаро ва дарвешларнинг фаровонлиги ғариб ҳамда мусофирларнинг фароқати учун” кўплаб жамоат бинолари ва иншоотлари: хонақоҳ, масжид, мадраса, карвонсарой, ҳаммом, работ, ҳовуз ва кўприклар қурдирган. Тарихчи Хондамир Навоий қурган баъзи иморатларнинг аниқ тафсилотларини келтиради. Улар орасида 52 работ, 18 масжид, 3 мадраса, 16 кўприк, 19 ҳовуз, 9 ҳаммом ва бошқа бир қанча иморатлар ва иншоотлар бўлган. Работлар чўл ва сувсиз биёбонлардан ўтувчи узоқ карвон йўлларида савдогар ва йўловчиларнинг хотиржам қўниши ва тўхтаб, дам олишлари учун қурилган бинолардир. Улар таркибида меҳмонхона, масжид, дам олиш хоналари (ҳужралар), қудуқлар ва ҳатто юк ҳайвонларини боғлаш учун ҳовлилар бўлган.

Навоий вазирлик вазифасидан истеъфо бергач, унинг дўсти султон Ҳусайн Бойқаро Алишерга уй-жой ва боғ битмоғи учун шаҳар ташқарисидаги хушҳаво Инжил канали бўйидан ер ва сув ажратиб беради. У ерга Навоий ўзига атаб ҳовли-жой, боғча ва катта кутубхона бунёд этибгина қолмай, 1475-1481 йиллар орасида бир қанча хайрли қурилишларни ҳам амалга оширади. Академик Г.А.Пугаченкованинг фикрича, бу қурилишларнинг умумий бош режасини Навоийнинг ўзи таклиф этган бўлиб, қурилиш Ҳиротнинг қатор устакор меъмор, муҳандис, бинокор ва наққошлари томонидан амалга оширилган. Навоийнинг шахсан ўзи иш бошида тургани учун меъморлар ва қурувчилар алоҳида завқ-шавқ билан меҳнат қилишган.

Навоий Инжил канали бўйида ҳашаматли “Ихлосия” мадрасаси ва унинг қаршисида эса ғоят гўзал ва кўркам “Халосия” хонақосини солдиради. Навоий бунёд этган ушбу меъморий мажмуа ташкил этилишига кўра, Ўрта Осиё шаҳарсозлик назариясида “қўш услуб” номи билан машҳур. Самарқанддаги Регистон майдонида оламга машҳур Улуғбек ва Шердор мадрасалари ҳам “қўш” услубидаги ансамбль кўринишида бунёд этилганлиги ҳаммамизга маълум. Бу услубнинг асосий хусусияти шундан иборатки, ансамбль таркибидаги биноларнинг бош пештоқи бир бирларининг рўпарасида жойлашмоғи керак. Улар орасидаги масофа ушбу бинолар бош тарзлари эни йиғиндисининг ярмидан кам бўлмаслиги мақсадга мувофиқ. Бинолар орасида майдон жойлашган ёки кўча ўтган бўлиши мумкин.

Биноларни қўш услубидаги мажмуа тарзида бунёд этишдан асосий мақсад бинолар орасидаги гавжум майдон ёки кўчада кун давомида соя-салқин ташкил этишдир. Бу услуб ёрдамида Инжил канали бўйида ташкил этилган муҳташам меъморий муҳитда ҳам хушҳаво мўъжаз иқлим яратилганки, бу шаҳарсозлик бобида эътиборга лойиқдир.

Навоий ушбу масжиднинг жанубий томонида “Халосия” хонақоси, ғарбида, Инжил яқинида “Шафоия” шифохонаси, унинг қаршисида эса “Сафоия” ҳаммомини, улар қошига ҳовуз ҳам қуради.

Навоий Ҳиротда қурдирган биноларида ҳозирги меъморчилигимизда биз янгилик деб ишлатадиган анжуманликка-мажмуаликка эришишга ҳаракат қилган ва бунга эришган ҳам. Қуришга ажратилган Инжил канали бўйидаги майдонга Навоий ўз даврининг етук меъморлари билан маслаҳатлашиб, қурилажак иморатлар ва ташкил этилажак хайрли хизматлар турини мумкин қадар анжуманлаштирган. Бу ердаги иморатлар орасида уй-жойлардан ташқари, мадраса, хонақоҳ, шифохона, ҳаммом, ҳовузлар, савдо расталари, дам олиш хиёбонлари, боғ-роғлар мужассам бўлган.

Навоий қурдирган иморатлар ўзининг кўркамлиги, хушҳаволиги, зебу зийнати, маҳобати билан бошқа иморатлардан ажралиб турган. Ҳиротдаги бойона ўйларни безашда Навоий меъморларга рангли деразалардан фойдаланишни таклиф қилади.  Алишер Навоий қурган бинолар услуби ва архитектураси шоир замондошлари қўлёзмаларида, Навоийнинг ўз асарларига битилган миниатюраларда тўлиқ бўлмаса-да, жозибадор тасвирланган. Г.Пугаченкованинг фикрича, бу миниатюралар Навоий яшаган давр меъморчилигидан акс-садодир. Шоирнинг “Хамса”сига ишланган миниатюраларда боғлар, боғ кўшклари, ҳаммом, ҳовузлар, фавворалар тасвирини учратамиз. Миниатюралардан бирида Навоий даврининг ҳаммомлари ғоят ҳашамдор қилиб безатилганлигини, уларга қадимий Шарқнинг фаришта қушлари - анқонинг тасвири ифодаланганлигининг шоҳиди бўламиз. Ювиниш залининг поли мармар, тахталар изораси эса одам бўйи баландлигида ҳошияли ложувард нақшлар билан безатилган. Деворнинг юқори қисмига содда нақшлар, пештоқига эса ўсимликсимон шакллар билан ҳашам берилган.

Бундан ташқари, Навоий Машҳадда шаҳар хиёбонига катта ариқ ётқизиб уни обод этади ва ўзи эътиқод қўйган имом Ризо (X аср) мақбарасининг жанубий қисмига ғоят бир гўзал айвон бунёд эттириб, ул жойни Қуръон ўқишга мослаб “Доруш-ҳуффоз” ташкил қилади. Шуниси эътиборга лойиқки, Навоий қурдирган айвоннинг нақшин устунлари бўлиб, улардан бирига ўзининг эмас, балки дўсти ва ҳамкори Ҳусайн Бойқаро номини нақшлатган.

Алишер Навоийнинг бунёдкорлик фаолияти унинг чуқур дунёқарашидан келиб чиқиб, одамийликка, халқпарварликка, эзгуликка йўғрилган. Навоий ўз замондошларини, ҳатто асарларидаги қаҳрамонларини ҳам бунёдкорликка ундайди:

Ким қилса иморатки, мақдур ўлғай,

Чун исми китобида мастур ўлғай.

Не чоққача ул биноки маъмур ўлғай,

Ул исм улус тилига мазкур ўлғай.

Навоий халқпарварлигининг моҳияти унинг шеъриятидагина бўлиб қолмай, балки унинг маъмурчилик ва меъморчилик ишларида ҳам намоён бўлди.

Алишер Навоий замонасида Ҳирот аҳолиси 2 миллиондан ортиқ бўлиб,у энг йирик, бой ва маданий шаҳарлардан бирига айланади. Ўша даврда Ҳирот ва Хуросон мамлакатининг бошқа вилоятларида 12 мингдан ортик турли хил бино ва иншоотлар қурилади. Натижада Алишер Навоий ва Ҳирот султони Ҳусайн Бойқаро замонасида маънавият, санъат ва илм-фан тараққиётида темурийлар фахри бўлган Самарқанддан ҳам ўзиб кетади. Бошқача айтганда, Алишер Навоий даврига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросон мамлакатларининг маданий маркази Ҳирот шаҳрига кўчган эди. Шахсан Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам бир нечта масжид, мадрасаю хонақox, карвонсарой, кўприклар, боғ-роғлар бу­нёд этади. Шунингдек, у маърифатпарварлик ва маъмурчилик ишларини амалга оширади.

Хуросоннинг Алишер Навоий давридаги ижтимоий–иқтисодий ва маданий  ҳолати улар ҳукмронлиги давридаги ижтимоий ва маданий  ҳаёт, Темурийларнинг  орзу умидлари, интилишлари, бу давр  ижодкорлари ва меъмору-муҳандислари, бинокорларининг  бунёдкорлик ғоя-лари ва изланишлари асосида шаклланиб, Темурийлар  даври  ижтимоий, маданий ҳаётининг тадрижий  давомчиси сифатида  юзага келди.

Хуросоннинг турли ҳудудларида Алишер Навоий томонидан бунёд этилган муҳандислик ва ирригация иншоотлари Навоийнинг гуманизмини белгилаб берувчи бунёдкорлик амалиётидир. Навоий ушбу иншоотларсиз халқ дардига “наво” бўла олмасликни, уларсиз мамлакатни ривожлантириб бўлмасликни яхши тушунган. Бу иншоотлар мамлакат ободончилиги ва халқ фаравонлигига хизмат қилган. Навоий бундай касб эгаларининг фаолияти ва ишларига раҳнамолик қилган, буюртмалар бериб, уларни қўллаб-қуватлаган. Натижада ушбу касб эгалари янги ихтиролар қилган. Янги конструкцияли кўприклар, сардоба ва яхдонлар ана шундай ихтиролар турига кирган.

Алишер Навоий жангу жадаллар ва зилзилалар оқибатида вайрон бўлган,  аввал қурилган кўпгина жамоат биноларини қайта тиклаш ва таъмирлашдек сермашаққат ишларни ҳам амалга оширади. Навоийнинг меъморий обидалар таъмирига бошчилик қилган йирик тадбирларидан бири, Ҳиротдаги жоме масжидидир. Хондамирнинг “Хулосат ул-ахбор” асарида Ҳирот шаҳридаги ушбу масжид Ҳусайн Бойқаро даврида бўлиб ўтган зилзила натижасида бинонинг гумбази ва мақсураси шикастлангани ҳақида маълумот келтирилган. Обод жой вайронага айланган, баланд деворлари қийшайиб, аянчли аҳволга келган, ганч безаклари тўкилиб тушган эди. Ушбу масжиднинг Хондамир келтирган таърифида унинг меъморий ўлчамлари ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

Навоий Ҳирот ва бошқа шаҳару-қишлоқларда 12 та масжид қайта тузаттиради, жумладан  ХIII асрда Ҳиротда бино қилинган юқорида тилга олинган жоме масжидини, 1405-1418 йилларда Машҳадда қурилган Гавҳаршод  масжидини, ХI аср бошида Гургон яқинида ўрнатилган Қобус минораси, ХI асрда Марв ва Ҳирот шаҳарлари оралиғида қурилган Арслонжозиба работи ва кўпгина бошқа иморату-иншоотларни таъмир эттиради.

Алишер Навоий ўз ҳаёти давомида “минг бир” хайрли ишларни бажаришни ният қилган эди. Шулардан 366 таси бинолар ва таъмирлаш бўлиб, бу вазифани у шараф билан бажарди. Навоийнинг меъмор-муҳандислар билан мулоқотда бўлиши, баъзи меъморий масалаларда улар билан баробар фикр юритиши шоирнинг муҳандислик соҳасидаги истеъдодидан дарак беради. Бундан ташқари, Навоийнинг меъморлар санъатига бўлган шахсий қизиқиши ҳам жиддий аҳамиятга эга бўлган. Шу боисдан бўлса керак, Навоий кўп қурилишларнинг тарҳини ўзи тузар, айрим меъморларнинг хато ва камчиликларини кўрсатиб берар ва ўз фикрини мунтазам кўп бурчаклар, айлана ва доиралар ҳақидаги қонуниятлардан далил келтириб исботлар эди.

Олим П.Зоҳидов Алишер Навоийнинг меъморчилик ва бунёдкорлик соҳасидаги мўътабар хизматларига юксак баҳо бериб: “...муболағасиз айтиш мумкинки, жаҳон тарихида ҳеч бир шоир Алишер Навоийчалик кўп бинолар қурган эмас, меъмор санъатини шунчалик завқ-шавқ билан улуғлаган эмас”, деган эди.

Навоийнинг қурдирган биноларига шоирона чиройли номлар қўйиш одати бўлган. Ихлосия, Халосия, Шифоия, Сафоия, Низомия, Хусравия ва Фаноия шулар жумласидандир. Бино номлари маънодор, “исми жисмига монанд”, шунингдек, заруриятга қараб абжад ҳисобида қурилиш йили тарихини ҳам ифодалаши мумкин бўлган. Масалан, Ихлосия мадрасасининг номи Навоийнинг дўсти Султон Ҳусайн Бойқарога бўлган шахсий ихлосини, миннатдорчилигини билдирса, Шифоия шифохонасининг номи соғлиқ, шифо, Сафоия ҳаммомининг номи эса озодалик, поклик маъносини англатган. Хусравия мадрасасининг номи бинонинг биринчи ғиштини қўйган марҳум шаҳзода Мирзо Муҳаммад номи ҳамда унинг қурилиш йилини ифодалаган.

Аҳтам Ўролов,

архитектура фанлари доктори, профессор.