Аллерголог: аллергияни даволовчи мутахассис кам эди

Биргина астмадан дунё миқёсида 200 миллион киши азият чекади. Юз минглаб кишилар шу хасталикдан вафот этади. Озиқ-овқат аллергияси ҳам жуда кўп тарқалган бўлиб, ундан дунё миқёсида 520 миллион киши азият чекаркан.

Ушбу хасталикка чалинганлар юртимизда ҳам йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Яқинда Президентимизнинг "Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори эълон қилинди. Хўш, ушбу қарор хасталикни даволашда қандай имкониятларни беради?

Аввало, шуни айтиш керакки, юртимизда аллергик хасталикларни қўзғатувчи омиллар кўп. Жуда кенг тарқалгани иқлимимизнинг нисбатан қуруқлиги билан боғлиқ. Бизда дарахтлар март ойида гуллашни бошлаб, августга қадар давом этади. Бу ўз навбатида аллергик хасталикларнинг авж олишига таъсир кўрсатади. Шунингдек, касаллик билан чалинишга ирсий сабаблар ҳам бор. Дори-дармонни норационал қўллаш, урбанизация, саноатнинг ривожланиши, озиқ-овқатлардаги турли кимёвий қўшимчалар – аллергияни келтириб чиқарадиган сабабларнинг юздан бири. Бу эса уни аниқлаш ва тегишли ташхис қўйишда ўзига хос мураккабликларни келтириб чиқаради.

Бундан бир неча ўн йиллар аввал ҳар бир туман, шаҳар шифохоналарида аллерголог мутахассислар фаолият кўрсатарди. Ҳар бири ўз ҳудуди бўйича мазкур хасталик мониторингини олиб борар, унинг сабаблари ўрганиларди. Аммо кейинги йилларда бу штат қисқариб кетди. Натижада мутахассислар ҳам камайиб, ҳудудларда касалликни ўтказиб юбориб шифокорга мурожаат қилувчилар кўпайди. Аллерголог мутахассислар кам, деб айтолмайман. Ҳар йили Самарқанд давлат тиббиёт институтини беш нафаргача мутахассис аллергология йўналишида битиради. Аммо штатларнинг камлиги мутахассиснинг ўз йўналишида ишлашига таъсир кўрсатади. Президентимизнинг қарори соҳада туб ўзгаришларга сабаб бўлади, деб ўйлайман.

Унга кўра, аллергик касалликларни эрта аниқлаш учун 18 ёшга тўлмаган ва хавф остида бўлган болаларни 2019 йил 1 январдан 1 июлгача текшириш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилади.

Шунингдек, қарорга кўра, рeспубликa, вилoят вa тумaн (шaҳaр) миқёсидa тиббий xизмaт кўрсатиш ҳaжмини нaзaрдa тутувчи aллeргoлoгия йўналишида тиббий ёрдaм кўрсaтиш тaртибини, мутaxaссислaрнинг функционал вaзифaлaрини бeлгилaган ҳолда aллeргoлoгия хонаси ва бўлимини жиҳoзлaш назарда тутилган. Бу юқорида таъкидлаганимдай, аллергик касалликларни ўз вақтида, жойида даволаш имконини  беради.

Қарорда белгиланган муҳим жиҳатлардан яна бири Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда аллерген ўсимликлар чанги тўпланишини кузатишни ва муайян ҳудудда аллергия патологияси билан касалланган беморларни хабардор қилишни назарда тутадиган аэробиологик мониторинг тизимини яратилишидир.

Неъматилла АРАЛОВ,

тиббиёт фанлари доктори, вилоят бош аллергологи.