Англия қироличасидан самарқандлик ўқувчига хат келди

Адҳамжон Жанобиддинов Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филали қошидаги академик лицейи ўқувчиси. У болалигидан хорижда ўқишни ният қилган. Бугунги кунда унинг орзулари амалга ошяпти.

- Шу йил ёзда халқаро рейтинги юқори бўлган 21 та олий таълим муассасасига хужжатларимни юбордим, - дейди у. – Ҳозирча 13 тасининг имтиҳонларидан муваффақиятли ўтдим. Улардан бири - АҚШнинг Webster университетининг 208 минг долларлик, яъни 100 фоизлик грантига сазовор бўлдим.
Адҳамжон АҚШ, Буюк Британия ва дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатларидаги 10 дан ортиқ олий таълим муассасаларига муддатидан олдин ўқишга қабул қилинди. У Буюк Британияда ўқиш истаги кучли эканлиги ҳақида қиролича Елизавета II га мактуб ҳам йўллади. Қироличанинг бундан мамнун эканлиги, Адҳамжонга омад тилагани ҳақидаги жавоб хати ҳам келди.



- Ўқувчимнинг ютуқларидан қувончим чексиз, - дейди лицейнинг инглиз тили ўқитувчиси Насиба Баҳриддинова. – Адҳамжон инглиз тилида ўзбек тилидан ҳам равон гапиради. У лицейимизда тенгдошларига ҳам ўрнак бўлиб, қўлидан келганча ёрдамларини аямасдан келяпти.

- Академик лицейда иқтидорли ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади, - дейди лицей директори Сайёра Ҳамроева. – Кейинги 3 йилда улар кўпгина ютуқларни қўлга киритди. Масалан, Россия университети профессор-ўқитувчилари келиб, 200 нафар ўқувчидан имтиҳон олди ва уларнинг 14 нафари грант, 56 нафари контракт асосида ўқишга қабул қилинди.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.