АҚШда Трамп тарафдорлари ва мухолифлар орасида отишма рўй берди

Вашингтон штатидаги Олимпия шаҳрида амалдаги президент Дональд Трамп тарафдорлари ва мухолифлар орасидаги тўқнашувда отишма рўй берди. Бу ҳақда NBC маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотига асосланиб хабар берди.

Полиция маълумотларига кўра, отишма натижасида бир киши жароҳатланган. Ушбу иш бўйича гумондор шахс ҳибсга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларнинг таъкидлашича, зиддиятнинг ҳар иккала томонида яхши қуролланган одамлар бўлган.

Маълумки, 2020 йил 3 ноябрь куни АҚШ навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтди. Овозларни ҳисоблаш ва ушбу масала бўйича суд жараёни ҳали ҳам давом этмоқда. ОАВнинг маълум қилишича, Жо Байден ғалаба қозониш учун зарур миқдордаги овозни олган ва шу тариқа Трампни ортда қолдирган. Демократ аллақачон ўзини АҚШнинг сайланган президенти деб эълон қилган.