Арафа куни Қуръон ва дуо кечаси онлайн намойиш этилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг хабар беришича, Аллоҳ таоло улуғ қилган Зулҳижжа ойида қилинган хатми Қуръонларнинг якуний тиловати ва дуоси муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари, уламолар ва ҳофизи Каломуллоҳлар иштирокида адо этилади.
Ушбу маросимни “Uzreport” телеканали орқали 30 июль, арафа куни кечки соат 21:00 да тўғридан-тўғри кузатиб, баҳраманд бўлишингиз мумкин. Шунингдек, ITV интернет телеканалидаги MuslimTV ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам онлайн намойиш этиш режалаштирилган.
Хабарда айтилишича, халқимиз томонидан ушбу кунларда якунига етказилаётган хатми Қуръонлар саноғи (78) 150-33-44 рақамли телефон орқали куну тун қабул қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча юртдошларимизни мана шундай дуолар мустажоб бўладиган паллаларда ўлкамизга осудалик, барака, аҳли оиламизга тан-сиҳатлик, беморларга шифои комил ва катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги тезроқ даф бўлишини Ҳақ таолодан илтижо қилиб сўрашга чақирган.