«Арзон совға берган» талабага пўписа қилган БухДУ ўқитувчиси ишдан бўшатилди

Талаба 300 минг сўмлик «жуда арзон» совға бергани учун унга пўписа қилган Бухоро давлат университети ўқитувчиси ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг телеграм каналида маълум қилинди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқатилган Бухоро давлат университети ўқитувчисининг устоз шаъни ва мақомига хос бўлмаган хатти-ҳаракатига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эътибор қаратди.

Ўрганишлардан сўнг мазкур ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддасига мувофиқ бекор қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти тизимда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳамда манфаатлар тўқнашувига нисбатан муросасиз муносабатда бўлади ва шу кунларда олий таълим тизимида коррупцияга қарши «комплаенс назорат» тизими жорий этилаётганини маълум қилади», дейилади хабарда.

Шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга оширган ижтимоий тармоқлар вакиллари ва талабаларга миннатдорчилик билдирилган ҳамда бу ҳолат барча олий таълим муассасаларида муҳокама қилиниши билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ижтимоий тармоқларда Бухоро университети ўқитувчисининг талабага арзон совға берганини, уни қайтариб олиб кетишини, бундай арзон совғага муносиб «қишлоқи» эмаслиги айтилган ёзишмалар тарқалиб кетганди.