Атамбаев Қирғизистон президентини истеъфога чиқишга чақирди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев мамлакатнинг амалдаги президенти Сооронбай Жээнбековни истеъфога чиқишга чақирди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

“Сооронбай Жээнбеков Садир Жапаров (Бош вазир)га ваъда берганидек, зудлик билан истеъфо эълон қилиши керак. Биз барчамиз бунга эришишимиз зарур. Акс ҳолда кеч бўлади”, деб ёзди Атамбаев унинг адвокатлари тарқатган мурожатида.

Собиқ президентнинг сўзларига кўра, 5 октябрь куни бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлардан сўнг мухолифат ичида низо келиб чиққан ва етакчилар ўртасида ўзаро тортишувлар бошланган, бунинг оқибатида улар энг асосий нарсани қўлдан чиқариб юборишган – Сооронбай Жээнбеков ўз позицияларини мустаҳкамлаб олишга эришган.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев яна ҳибсга олинганлиги ҳақида маълум қилинди. У оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланмоқда.