Атилла Марказий Осиёнинг туркий қабилалари вакили бўлганми?
Атилла – хунлар етакчиси. У Flagellum Dei (“Худонинг қаҳри”) номи билан машҳур бўлган. Атилланинг туғилган йили ва жойи номаълумлигича қолмоқда. Тахминларга кўра, у V асрнинг биринчи ўн йиллигида туғилган. Атилланинг қайси миллатга мансуб бўлгани ҳам кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик тадқиқотчилар уни Марказий Осиёнинг туркий қабилалари вакили бўлган, деб ҳисоблашади. Фаразларнинг бирига кўра, унинг Атилла исми туркийча “отли”, “атли”, яъни номи чиққан, шарафли маъносини беради. Нима бўлганда ҳам Атилла буюк саркарда ва император бўлган. У етакчилик қилган хунлар, Рим империясига ўлкан таҳдид солган.
Фақат милодий 453 йилда Атилланинг вафотидан кейин хунлар салтанати қулаган, Рим империяси хунларнинг даҳшатли таҳдидидан халос бўлган.
Милодий 451 йили хунлар Каталаунск кенгликларида бўлиб ўтган Римга қарши жангда мағлуб бўлишди.
Бу мағлубият Атилла ва унинг одамларини ортга чекинишга мажбур қилди. Бироқ Атилла жангчилари янги ҳужум уюштириш учун кучларини қайта тиклади. Дастлаб Атилла Шарқий Рим империясига ҳужум уюштиришни режалаштирди. Аммо фикрини ўзгартириб, 452 йилда Ғарбий Рим империясига яна бир бор ҳужум қилиш қарорига келди. Хунлар Альп тоғларини ошиб ўтди ва римликларни ғафлатда қолдирди. Натижада Рим империясининг Аквилея, Верона ва Милан каби шимолий шаҳарлари хунлар томонидан забт этилди. Лекин Рим омон қолди. Чунки Атилла ва унинг жангчилари По дарёсидан жанубга ҳаракатланишди. Хунлар императори Атилла ва Рим папаси Льв I учрашувидан кейин хунлар ортга қайтди. Буюк Хун нега Рим империясига ҳужумни тўхтатиш қарорига келгани бугунгача ноаниқлигича қолмоқда.
Бу борада бир қанча тахминлар илгари сурилган. Ривоятларга кўра, айнан Льв I дипломатияси Римни хунлардан озод қилган. Айрим тадқиқотчилар Атилла ишонган одамлари томонидан унинг Римга ҳужум қилмаслиги огоҳлантирилган. Чунки Готлар ҳукмдори Аларих I миллодий 410 йилда Римни вайрон қилганидан сўнг кўп вақт ўтмай вафот этган. Ушбу воқеада Атилла ёмонлик белгисини кўрган, деб ҳисоблашади.
Атилланинг ўлими
Атилланинг вафоти ҳақида бир қанча тахминлар мавжуд. Милодий 453 йилда Атилла Илкидо имсли қизга уйланади ва эртаси куни эрталаб уни ўлик ҳолда топишади. Тахминларнинг бирида айтилишича, Атилла тўйи куни базм уюштирган. Шароб ва овқатни кўп истемол қилиши оқибатида қон томирлари ёрилиб кетган. Бошқасида, Атилла Византия императори Марианага хизмат қилган Ильдико томонидан ўлдирилган, деган фикр илгари сурилади. Ёки у шаробдан заҳарланиб вафот этган бўлиши ҳам мумкин.
Хунларнинг бўлиниши ва салтанатнинг қулаши
Атилланинг вафотидан сўнг кўп вақт ўтмай хунлар салтанати унинг ўғиллари – Аттил-Эллак, Денгизич ва Эрнах томонидан бўлиб олинди. Сўнг ака-укалар ўртасида назорати остидаги ҳудудларини кенгайтириш учун уруш бошланди.
Келишмовчиликлар давом этаётган бир вақтда хунларга мустамлака ҳисобланган давлатлар мустақилликка эришиш имкониятини излай бошлашди. Гепидлар етакчиси Ардарих биринчи бўлиб хунларга қарши бош кўтарди. Милодий 454 йилда Недао шаҳри ёнида бўлиб ўтган жангда хунлар мағлуб бўлди ва Атилланинг ўғиларидан бири Аттил-Эллак ҳалок бўлди.
Бошқа қабилалар ҳам тез орада Ардарихдан ўрнак олди. Шу тариқа Хун империяси 469 йилда тарих саҳифасидан бутунлай ўчирилди. Тарихий манбаларда улар ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот келтирилмади. Бугун хунлардан қолган ягона маълумот – уларнинг қудратли етакчиси Атилла ҳақидаги хотиралар қолган, холос.
Бекзод Мусурмонов тайёрлади.