Аттанг, ҳазилнинг таги зил бўлди-ку...

Яқин ўртоқлар бир бирларига ҳазил қилса, узоқдан кўрган киши уларнинг бир-бирига бўлган муносабатини кўриб хурсанд бўлади, кўнгли ёришади. Бироқ ҳар доим ҳам қилинган ҳазиллар яхшилик билан тугамайди, балки оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Ж.Мавлонов (исм-фамилиялар шартли) ҳам ўртоғи Ж.Чориев билан ҳазиллашиб кураш тушмоқчи бўлганди…

Воқеа ҳақида қисқача.

Ж.Мавлонов 2020 йил 3 июнь куни соат 06:30 ларда Нурота тумани, Саиджон Эшон қишлоғида яшовчи қишлоқдоши Ж.Чориевнинг яшаш уйига қурилиш ишларида ишлаш мақсадида келади. Кийимларини алмаштираётган вақтида таниши Ж.Чориев билан ўзаро ҳазиллашиб, кураш тушиб кетади ва унга тан жароҳати етказади. Яъни, кураш давомида қалтис ҳаракат қилиб,  унинг ўнг қўлини қаттиқ тортади ва тиббиёт тили билан айтганда, “ўнг ўмров акромиал бирикмаси тўлиқ узилиши” ҳолатини содир этади. Ана сизга, ҳазилнинг оқибати.

Хуллас, бу ҳазил икки дўстни суд идорасига келишига мажбур қилди. Суд мажлисида Ж.Мавлонов дўстидан яна бир бор кечирим сўради, содир қилган жиноятининг ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ англаб етганлигини айтди. Суд бу ҳолатларни инобатга олиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Х.Асомов,

жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди катта мутахассиси.