"Аёллар дафтари"га киритилган Р.Аҳбўтаевага ҳокимлик кўмак беради
Таҳририятимизга Жомбой тумани, Зарафшон маҳалласи Ўртабўз қишлоғида яшовчи Роҳила Аҳбўтаева мурожаат қилиб, ёлғиз яшаши, ўтган йили уйининг томидан чакка ўтиб қийналгани, шу боис кузгача томини таъмирлашда кўмак берилишини сўради.
"Аёллар дафтари"га киритилган бу аёлнинг мурожаатини ўрганиш ва масалага ечим топиш учун Жомбой тумани ҳокимлиги билан телефон орқали боғландик ва Р.Аҳбўтаеванинг манзилини бердик.
Ҳокимлик вакиллари шу куниёқ масалани жойига чиқиб ўргангани ҳақида жавоб хати йўллади.
Унда маълум қилинишича, ўрганиш жараёнида Р.Аҳбўтаеванинг бир нафар қизи турмушга чиқиб кетганлиги, ҳозирги кунда бир ўзи ёлғиз яшаб келаётганлиги, яшаб турган уйининг том қисми таъмирталаб эканлиги, ёғингарчилик пайтида томчи ўтиб қийинчилик туғдираётганлигини аниқланган.
"Ушбу фуқаро "Аёллар дафтари"нинг биринчи босқичида бўлганлиги инобатга олиниб, халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясига уй-жойини таъмирлаш бўйича туман ҳокимининг сайёр қабул ва мурожаатлар асосида шакллантирилган рўйхатга киритиш ва 50 та шифер билан таъминлаш ҳақида таклиф киритилди. Тез орада бу мурожаат ижобий ҳал этилади ва қўшимча маълумот берилади", дейилади жавоб хатида.