Балиқ бошидан... ёхуд раис буванинг “ихчам” тўйи

Раис бува янги машина олди. Қишлоқда унга ҳавас қилмаган қолмади. Энди раис бувани бензин ва газнинг нархи ошиши қизиқтирмайди. Электр энергиясида узилиш бўлмаса бўлгани.
Асосий гап бу ёқда - раис бува тўй қилди. “Ихчамгина”...
***
- Ота, - деди раис бувага ўғли. – Неварангизнинг кўнглига қарасангиз, уятга қоламиз. Унинг йигирмадан зиёд ўртоғи бўлса, ҳар бири “ЗАГС”га биттадан “Каптива”да бориши мантиққа тўғри келмайди. Қуда билан гаплашдим, келиннинг дугоналари учун битта машина етаркан. Улар томондан бор-йўғи тўрт қиз бораркан дугона бўлиб. Базмниям эллик кишилик қилиб ўтказаверайлик. Ортиқча харажат увол дегани-ку, ахир. Садир бобо ногирон неварасининг оёғини операция қилдириш учун пул излаб юрган экан. Беҳуда кетадиган пулларни иқтисод қилиб, уларга ёрдам қилсак, савоб бўларди.
- Ҳеч бир сўм беҳуда кетмайди. Неварам билан келишиб олдик. Ҳаётида бир марта бўладиган тўй бу. Қолганини ўзимизга қўйиб бер. Сен уятга қолмайсан.
- Ароқ қўймаймиз.
- Сен ичмаган бўлсанг, мен ичганман ҳамманинг тўйида. Усиз тўй тўйдай бўлмайди. Шу тўнғичингнинг тўйини ўтказишда мен бош бўлай, кейингиларида аралашмайман.
- Эҳ...
***
- Болам, - деди раис бува неварасига. – Шу тўйнинг режасини сен ўйлагандек туздим-у, аммо машиналар масаласида сал ўйланиб турибман-да.
- Бобо, электромобилингизни қизғаняпсизми?
- Йўқ, гап ундамас. Уни тўй куни ўзинг бошқарасан. Ўртоқларингнинг йигирмата “Каптива” қўшиши...
- Эй, бобо, мен уларга қўшганман-ку, қайтаришлари керак-да энди улар ҳам.
- Шу ўртоқларингга айтсанг...
- Бобо-ей, йўқ, ҳеч нарса деб айтмайман, ўзи ҳаётда бир марта уйлансам, дадам ҳам бир ҳафтадан бери бошимни қотириб ётибди. Ўзингиз қўшниларга мақтангандингиз-ку, шу неварамнинг тўйини зўр ўтказиб бераман, деб.
- Даданг ҳокимиятда ишлайди-да, эртага кимдир...
- Бўпти, шу умримда бир марта бўладиган тўйни бошқаларникидай ўтказолмаймизми?
- Хўп, майли, болам, бақирма, асабийлашма! Бир гап бўлар.
***
- Раис бува, вазият чатоқ, - деди профилактика инспектори. – Тўйдан олдин гапларимга қулоқ солмагандингиз. Қайси газетани ўқиманг, сиз ҳақингизда ёзилган “Раис буванинг тўйи” сарлавҳали мақолаларга кўзингиз тушади. Интернетдаги қайси канални очманг, неварангизнинг тўйидан видеолавҳалар чиқиб келяпти. Куёв бола бошқарган электромобилингиз симёғочга урилгани, йигирмадан зиёд “Каптива”лар икки тарафлама йўлни тўлдириб, бошқаларга халал бергани...
- Кўряпман, ука, хабарим бор. Нима қипти, бир “машҳур” бўлдик-да...
- Вилоятдан ишчи гуруҳ келаркан. Туманнинг барча маҳаллаларида сизнинг тўйингиз муҳокама қилиниб, тарғибот тадбирлари ўтказиларкан.
- Бемалол келаверсин, қатнашамиз! Айбимизга яраша жазо ҳам олишимиз кераклигини билиб турибман.
***
- Бугунги кунда мамлакатимизда тўйларни қисқартириш масаласи кўрилаётган бир пайтда, бошқаларга ўрнак бўладиган одамларнинг қилган ишини қаранг, - деди вилоят ишчи гуруҳи раҳбари ва тўйларни ихчамлаштириш масаласида жуда кўп яхши гапларни гапирди. – Кимда саволлар бўлса, марҳамат!
- Менда савол бор, - деди раис бува. – Ўша бутун мамлакатга танилган қаҳрамон менман. Бундан афсусдаман ҳам. Аммо мана, сиз вилоятда “катта”лардан бири экансиз. Яқинда бирорта тўй ўтказдингизми?
- Тўрт йил аввал ўғлимни уйлантиргандим.
- Шу тўйда неча киши иштирок этди, қанча машина қўшилган, дастурхонда спиртли ичимлик бормиди, деб саволларга кўмиб ташламоқчи эмасман. Ўша тўйнинг видеокассетасини олиб келинг, бизга катта мониторда қўйиб беринг, мана намуна, деб. Шу ўтказган тўйингизни томоша қилиб, ўрнак олайлик. Нима, дейсиз?
- ...
- А, “катта” ака?! Ё сиз ўтказган тўй намуна бўлолмайдими?
- Сиз ҳақсиз, раис бува. Ўша пайтда намуна қилиб кўрсатадиган даражада тўй қилмаган эканман. Аммо энди яқинда иккинчи ўғлимни уйлантираман. Бу сафар сиз айтгандек бўлади ва албатта, шу қишлоққа келиб, сизларга намуна қилиб кўрсатаман.
- Яшанг!
Тўлқин Сиддиқов.