Бахшида туғма истеъдод, ички бир овоз бўлиши керак

Самарқанд заминида улғайган Ислом шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ва Пўлкан шоирлар ўзига хос бахшичилик мактабини яратган. Бугун уларнинг издошлари бу бахшиларнинг меросини ўрганиб, халқимизнинг бой оғзаки ижодини куйлаб келмоқда. Шулардан бири Паст дарғомлик Аҳрор бахши Пардаевдир.

- Бахшичилик менга ота мерос, - дейди Аҳрор бахши. – Бобомнинг оталари Парда бахши халқ дардини куйлаган киши бўлган. Аслида бахшичилик санъати Самарқандда ривожланган, сайқал топган. Аммо эътибор йўқлиги сабаб кейинги йиллар бу унутилаётган санъат турларидан бирига айланди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг тўйлари бахшиларсиз ўтмайди. Шунгами бу ҳудудларда бахшичилик анча ривожланган. Ўзим ҳам сурхондарёлик Шоберди Болтаев ҳамда нарпайлик Зиёдулла бахшилардан термалар айтиш, дўмбирага жўр бўлишни ўрганганман.

Аҳрор Пардаев бугунги кунда Паст Дарғом туманидаги 32-болалар мусиқа  ва санъат мактабида бахшичилик йўналишида сабоқ беради. 7 нафар шогирди бахшиларимиз томонидан куйланган термаларни қайта ишлаб куйламоқда.

- Булунғурлик Фозил бахшининг дўмбираси унга доим ҳамроҳ бўлган экан, – дейди Аҳрор бахши. – Давраларда Алпомишдан, Гўрўғлидан парчалар айтиб, халқ орасидаги ноҳақликларни куйга солиб куйлаган. Исдеъдодли бахши сизга қараб ҳам термалар ёзиши мумкин. Асосийси кишида туғма истеъдод, ички бир овоз бўлиши лозим. Ўқувчиларни саралашда айнан уларнинг овозига эътибор бераман. Агар овоз бўлмаса, минг ўрганиб ҳам керакли натижага эришолмасиз. Шогирдларимнинг ҳар бирида ўзига хос ва мос овоз бор. Кўриб турганингиздек, дўмбирада ноталар чизиғи йўқ. Бахши дўмбиранинг қай ерида қайси нота жойлашлигини, қандай оҳанг яралишини билади, қўли эса шунга яраша ҳаракатланади.

Бугун бахшичиликни ривожлантириш, янада сайқал топтириш, йўқолиб кетаётган термаларимизни қайта тиклашга катта эътибор бериляпти. Бу унутилаётган миллий бахшичилик санъатимизнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.