Беҳбудий ҳақиқати

Адабиётшунос олим Баҳодир Каримов Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан “Беҳбудий ва бошқалар” китобини нашрдан чиқарди.
Ушбу китобда Туркистон жадидлари йўлбошчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг адабий-маърифий дунёсига хос фазилатлар, жадид адабиётининг турли қирралари, шунингдек, Беҳбудийга маслакдош, сафдош, шогирд бўлган бир қатор жадид муаллим ва адиблар тўғрисидаги адабий-илмий мақолалари жамланган.
Эътиборлиси, китобда жамланган мақолалар кеча ёки бугун ёзилмаган. Балки олим бу мақолаларини кейинги ўттиз йил давомида республикамизда босиладиган матбуот нашрлари – газета ва журналларда илмий жиҳатдан изланишлари натижасида чоп эттирган. Биз Беҳбудий теграсида жамланган зиёлилар ҳаёти ва ижоди билан қизиқувчи сиз каби ўқувчилар учун ушбу мақолаларнинг айримларини сайтимизда эълон қилишни маъқул кўрдик.
***
Ўз ҳаётий фаолияти, ижодий мероси – адабий-бадиий асарлари билан ҳаққоният, тўғрилик, адолат, энг муҳими, ҳуррият йўлида фидойилик кўрсатган шахсиятларнинг номлари ҳам, асарлари ҳам орадан йиллар ўтса-да унутилмайди. Уларнинг қадри юксалади, номи абадийлашади, тарихий хизматлари эъзоз топади. Ҳар қандай зиёли маълум бир макон ва замонда туғилади, ижод этади ва одамларга ўзидан бебаҳо ҳикмат дурдоналари билан гўзал хотиралар қолдиради. Эъзозга муносиб хотира – тирик. Узоқ-яқин тарихимизда кимки ўз ҳаётини таҳликаларга қўйиб бўлса-да, Ватан истиқболи, эл-юрт ободлиги, миллат тараққиёти йўлида ишлаган экан, бунинг оқибати файзли, савоби беқиёс, албатта.
1875 йилда Самарқандда туғилиб, ўз онгли ҳаётининг йигирма йилларини эл-юрти, миллати хизматига сарфлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий номи тилга олинганда одамнинг хаёлидан шундай эзгу фикрлар кечади. Туркистонда биринчилар қатори усули жадид – янгича таълим методига асосланган замонавий мактаблар очилишида Беҳбудий ташаббускор бўлди. Шу мактаб ўқувчилари учун дастлабки дарслик ва ўқув қўлланмаларни Беҳбудий ёзди. Газета, журнали, кутубхона, нашриёт ташкил этди. Биринчи ўзбек драмасининг муаллифи ҳам – Беҳбудий.
Таниқли давлат арбоби Файзулла Хўжаев ўз вақтида Беҳбудийга муносиб баҳо берди: “Сиёсий, ижтимоий фаолияти ва билимининг кенглиги жиҳатидан Туркистоннинг ўша вақтдаги жадидларидан унга тенг келадигани йўқ деб ўйлайман”. Зеро, бу адабий-ижтимоий шахсиятнинг қисмат битигида, ҳаёти йўли ва ижодий фаолиятида эслашга, эъзозга арзийдиган, ибратга муносиб жиҳатлар кўп. Муаллим, ношир, драматург, журналист, сиёсий арбоб, муфти, бир сўз билан айтганда, Беҳбудий фаолиятининг негизи, жадидларга хос маърифат тушунчаси ана шундай серқирра асосга қурилгандир.
Маҳмудхўжа Беҳбудий икки юздан ортиқ мақола ёзди. Улар дастлаб “Туркистон вилоятининг газети”да, кейинчалик Туркистон ва ундан ташқарида чоп этилган жадидларнинг “Улфат”, “Таржумон”, “Тужжор”, “Хуршид”, “Шўро” ва бошқа вақтли матбуот нашрларида босилди. 1913 йили Беҳбудийнинг ўзи “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини ташкил этади. Газетанинг жами қирқ бешта, журналнинг эса олтмиш саккизта сони чиқади; сўнгра ёпилади. Ҳар икки нашрдан мақсад дунё билан танишмоқ, илмга даъват, мусулмонларнинг замон билан ҳамқадам бўлишларига тарғиб ва ташвиқ эди, албатта.
Беҳбудий ижодидаги қаламга олинган ҳар қандай муаммо бошлаб орифлик, илм-маърифат, замонавий билим, тараққий этган дунё аҳли билан баравар бўлиш, сўнгра ҳуррият ва мухторият каби масалалар билан уйғун муҳокама қилинади. Биргина “Падаркуш” драмаси номига “ўқимаган боланинг ҳоли” иловасининг қўшилишида ҳам ўқишга, маърифатга ундаш бор. Унда ўқимаган боланинг келажаги барбод бўлади, эл-юртига фойдаси тегмайди, охир-оқибат отасининг қотилига айланади, деган ғоя ўзининг бадиий-саҳнавий талқинини топган. Ўз отасини ўлдирган Тошмурод образи – бу ўқимаган боланинг ожиз, аянчли қиёфаси. Янгича фикрлайдиган Домулло “Бу бадбахтлик ва мусибатга сабаб жаҳолат ва нодонликдур, бемаънилик ва тарбиясизликдир. Уйингизни нодонлик бузди”, деса, кейинги кўринишда Беҳбудий ўзини қийнаб келган, ўнлаб мақолаларида таъкидлаган ҳақиқатни Зиёли образи воситасида драманинг туганчида шундай баён этади: “Агар буларни отаси ўқутса эди, бу жиноят ва падаркушлик алардан содир бўлмас эди... Оҳ, ҳақиқатда бойни ўлдирган беилмликдур. Бизларни ҳонавайрон, бачагирён ва беватан ва банди қилғон тарбиясизлик ва жаҳолатдур: беватанлик, дарбадарлик, асорат, фақру зарурат ва хорликлар ҳаммаси илмсизлик ва бетарбияликнинг меваси ва натижасидур. Дунёга тараққий қилган халқ илм воситаси ила тараққий қилади...”. Ҳамма замонларда жаҳолату қабоҳат илму маърифат, одобу ахлоқ душмани бўлиб келди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзига маслакдош, эзгу дастурлари ижроси, миллат тараққиёти йўлидаги асосий куч сифатида уламони кўради; уларнинг фаолиятидан умид қилади. “Ҳар миллат ва дин аҳлининг бошчи ва ҳодийси уламодурлар. Уламо ҳазрати, албатта, туллаб (талабалар – Б.К.) ичидан етишиб чиқади. Уламо ҳазрати миллат учун диний ва дунёвий ишларға йўл кўрсатувчи ва тарбия этувчидирлар...”. Беҳбудий “Оҳ ва ҳасрат” мақоласида халқнинг турмуш тарзини уламо ислоҳ этишига, таълим-тарбия учун улар масъул эканига урғу беради, олимларга “варасаи анбиё” – пайғамбарларнинг ворислари сифатида қарайди. Таъсир учун таъбирни кучайтириб ёзади: “Халойиқни ҳеч ким гўридан чиқариб уламо ислоҳ этмас. Уламо, мактаб ва мадраса ислоҳ этар, вале мактаб, мадраса аҳли муни ўйламайдурлар...”. Илмсизлик, қолоқлик, бепарволик, дангасалик, фикрсизлик, лоқайдлик – буларнинг барчаси Беҳбудийнинг “оҳ ва ҳасрати”га сабабчи омиллардир. Билим ва тараққиёт тушунчаси унга жон бағишлайди, қувонтиради, қалбида умид уйғотади. Шу боис ўз орзулари учун биринчи навбатда олимларга умид боғлайди. Аслида илми амалига мос олимлар инсониятга тўғри йўл кўрсатадиган фойдали илмни мерос қолдиради. Аслида чин зиёлининг, орифнинг, олимнинг жамиятдаги ўрни ва вазифаси юлдузларнинг коинот-галактикадаги ўрни ва вазифасига ўхшайди. Олимлар – ер юзининг юлдузларидир. Зиё таратади, зулматни ёритади. Шайтонларга тошлар бўлиб отилади. Жадидлар ва уларнинг раҳнамоси бу ҳақиқатни теран англади. Шу боис ҳали Туркистон мустамлака ҳолида экан, Беҳбудий ўз аҳлига қарата: “Бизға лозимки, ўз нафсимиз учун русча билайлук, ҳукумат мактабларинда ўқуйлук. Давлат мансабларига кирайлук. Ватанимизға ва ўз динимизға хизмат этайлук. Мусулмон бўлуб туруб, тараққий қилайлук...”, деб мурожаат этади. У “Эй, ҳазрати уламо”, “Эй, Туркистон мусулмонлари”, “Муҳтарам биродарлар”, “Эй, ёшлар”, “Эй, тужжор” каби чақириқлари изидан уларни бирлашишга, ўзи ва дунё ҳолига ибрат назари билан қарашга, Ватан аҳлининг ривожи учун хизмат қилишга, ўзаро зиддият, нифоқ ва душманликка баҳрам беришга чорлайди.
Равнақ учун, Беҳбудий қарашича, миллат моддий ва маънавий жиҳатдан юксалиши, ўртадан нифоқлар кетиб, ёшлар билан катталар бирлашиши лозим. Билъакс, ўз замонасида мухториятдан ҳам, ҳурриятдан ҳам бебаҳра қолиш мумкин. Шунинг учун ҳам: “Халқимизнинг ҳозирги ихтилофи мени дилхун этар, маъюс этар. Бошқа миллатлар иттифоқ ила ишлаганда, биз бир-биримиз ила душмандиқға турсак, вой бизнинг ҳолимизға...”, деб ўртаниб ёзди.
Беҳбудий Туркистон жадидларининг чин раҳбари эди. Дунёқараши бағоят кенг ва ўз шогирдларини шундай чўнгқир фикрлашга ундар эди. Беҳбудий фикри-зикрида миллатнинг тараққиёти йўлида дин ва дунё илмларини тугал билиш, мактаблар очиш, театр ташкил этиш, китоблар нашр этиш, газета ва журналлар чиқариш билан маърифат тарқатишни ўйлади, Ватан келажаги учун қайғурди. У ёшлардан умид этиб, талабаларнинг камолоти, саодатли дамларини орзу қилди.
Беҳбудий ўзи ташкил этган журналини “Ойина” деб атади. Одам ойинага ҳар куни қарайди; газета ва журналлар ҳам ўз вақтида олимдан то оддий одамгача кўзгу вазифасини бажарди. Беҳбудий театрни ибратнамо, ойина, ибратхона, деб атади. Мушаххас-артистларнинг диологи ва монологлари, хатти-ҳаракатлари ва имо-ишораларидан саҳнада турли табиатли инсонлар бўй кўрсатади, ўзаро гурунглар изидан воқелик яхлитлашади, табиийки, ундан ибрат олинади. Беҳбудий таъкидича, театрда “Қулил ҳаққа валав кана мурран”, яъни “Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни сўзла” ҳадиси шарифининг “мазҳари”, яъни зоҳир бўлиши кузатилади. Ибратхона –театр шу зайлда ўзининг маънавий-маърифий, ижтимоий-маиший вазифасини бажаради. Бир мақоласида самарқандлик кўнгилли мушаххаслар “Падаркуш”ни саҳнага қўйиб, “ҳосили маблағлари”ни мактаблар учун сарф қилганини мамнуният билан эсга олади.
Беҳбудий дунё халқлари илм-маърифат билан фавқулодда бир ривожланиш босқичларига кирганидан мудраб юрган аҳли илм, аҳли тужжорларни огоҳлантирди. Миллатни уйғоқликка чорлаб, теварак-атрофидаги халқларнинг ҳолига бир назар ташлашга, теграсида айланаётган олам воқелигининг шиддатли аҳволини тафаккур кўзи билан кўришга даъват қилди. Шуни инобатга олган германиялик олима, профессор Ингеборг Балдауф: “Маҳмудхўжа Беҳбудийни Ўрта Осиёдаги барча жадидларни бирлаштиришга интилган йирик намоянда, десак хато қилмаймиз. У бутун чор Россиясидаги ҳур фикрли, маърифатпарвар мусулмонлар билан мунтазам алоқада бўлиб турар, айниқса, Исмоилбей Гаспралининг ашаддий мухлиси эди”, деб Беҳбудий фаолиятига баҳо беради.
Дунёни билиш учун турли тилларни ўзлаштириш лозим. Шу маънода тил билиш масаласида “Икки эмас, тўрт тил лозим” деб “туркий, форсий, арабий ва русий” тилларни ўрганиш заруратини аниқ далиллар билан исботлади. Муҳими, бу ўринда ҳам Беҳбудий ўз фикрини ўқиш ва уқишга, илм ва маърифатга келтириб тақайди. Илм инсонга шараф келтиради, олим зоти тиниқ фикри, муҳокамалари билан ўзига маслакдошлар топади ва оддий одамларни эзгу ғоялар билан илҳомлантириб, ўзларига эргаштиради.
Бир тарафдан қараладиган бўлса, Беҳбудий ўз замонасида кўтарган айрим ижтимоий-маиший ва маърифий масалалар бугун ҳам кун тартибида тургандек таассурот қолдиради. Тўйдаги исрофлар оқибати аянчли эканини ёзади: “Катта тўй қилиб, хотун олган бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азаси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур” (“Ойина” 1913 йил, 6-сон).Тўй ва маъракаларга қилинган сарф-харажатни болаларни ўқитиш учун харжлаш кераклигини айтади. “Ақчалик оталар, албатта, тўй ва маъракаға қизғонмаганларидек болани ўқутишға ҳам қизғонмаса керакдур”.
Бошқа бир мисол. Дейлик, ХХ аср бошларида замонга мос қайта шаклланаётган адабий тил, халқ тилининг қисмати ҳам Беҳбудийни ўйлантирган эди. Тил софлиги масаласи кўтарилганда ҳар қандай тил қўшни тилларда сўз олиши табиийлигини айтади: “Бегона тилдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқ”. Аммо унинг меъёрини билиш лозим. Беҳбудий 1915 йили “Тил масаласи” мақоласида арабчадан ўзбек тилига кўчган сўзларнинг кўплик шаклини “улум, фунун, уламо, қуззо” тарзида эмас, балки ўзбекча табиатига мос равишда “фанлар, илмлар, олимлар, қозилар” деб ёзиш кераклигини таклиф этади. Фикр баёни учун ҳамма вақт ёзма адабий тил тушунарли бўлиши лозим. “Содда тил нима учун керак? Атрофингдаги қавму қариндоши илан сўйлашмоқ учун. Адабий ва илмий тил нима учун керак? Мавжуд илму фан ва тарихни билмоқ ва алардан фойдаланмоқ учун”.
1917 йили ёзида “Улуғ Туркистон” газетасида босилган “Баёни ҳақиқат” мақоласи “Билмоқ керакки: “Ҳақ олинур, берилмайдур!” деган беҳбудиёна ҳикмати билан бошланади. Бу таъбир кейинроқ “Ҳақ олинур, берилмас” тарзида бошқа бир мақоласига сарлавҳа бўлади ва унинг таркибида уч марта такрор келади. Қадим ва жадид низоларини бир ёнга қўйиб, халқ қўлни қўлга бериб бирлашса, “мухториятли ҳурриятга ноил” бўлиши, “ўз миллий аскарларимиз”, уларнинг “қиёфат ва шакли, либоси ва тарзи маишати” хусусида яхши ният билан сўз юритади. Мустамлакачилар учун ҳамиша маҳаллий аҳоли, уларнинг уламо ва фузалоси ичидан чиқадиган ҳар қандай ихтилоф, фитна қўл келишидан афсусланиб, огоҳ бўлиш лозимлигидан ёзғириб ёзади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1919 йили 25 мартда замондошлари хотирлашича “асрорангиз бир сувратда Самарқанддан” ғойиб бўлади. Ўлими тўғрисида “мухталиф хабарлар” тарқалади. Нима бўлганда ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий 45 ёшида шаҳид кетади. Аммо шогирдлари унинг қабрини излаб:
“Белгисиз қабрингни қаро тунларда,
Амалимнинг шамин ёқиб изладим...” (Чўлпон), деб инграб ёзди.
Беҳбудийнинг яқин шогирдларидан бири самарқандлик жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд устозининг сирли шаҳидлиги муносабати билан ёзган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” сарлавҳали марсия-мансурасида: “Маҳмудхўжа Туркистон деган ўлканинг бошлиғи эди... Маҳмудхўжа Туркистоннинг янгилик даври тарихинда ёруғ бир чироғ эди. Маҳмудхўжанинг нияти Туркистон тарихинда зийнатлик мумтоз ўрин олишға муносиб миръотдир”, деб ёзган эди.
Хулоса қилиб айтганда, ўз вақтида улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий фикрларни ўртага ташлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий бугун ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар, эл-юрт келажаги учун қайғурган фикри тиниқ зиёли, қарашлари кенг фидойи инсон ўлароқ кўз олдимизда гавдаланади. Тасаввурга эрк берилса, “Мозий истиқболнинг тарозусидир”, деган бу инсон гўё тарих қаъридан бизга боқиб, бугунги мустақил, ҳурриятли, озод кунларни, ўзининг мазам орзуси рўёбга чиққан замонни ғойибона кўриб қувониб тургандек бўлади.
Баҳодир КАРИМОВ, филология фанлари доктори, профессор.
2023 йил