Беҳбудийнинг уй-музейи яратилади

Бугун, 26 май куни Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирокида Самарқанд шаҳрида, улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаб, ижод қилган хонадонда тадбир бўлиб ўтди.
Карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилган маърифий тадбирда ёзувчи ва шоирлар, журналист ва театршунослар, илм-фан ва маданият намояндалари иштирок этди. Унда бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, илмий-ижодий мероси ва кейинги пайтда уни ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
- Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий, маънавий ва маърифий меросини ўрганиш ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашда, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида улғайтиришда муҳим омил бўлади, - деди Э.Турдимов. – Шунинг учун бугун ушбу хонадонни Беҳбудий уй-музейи ҳамда жадидлар, қатағон бўлган маърифатпарварлар музейига айлантириш асосий вазифамиздир.
Таъкидлаш лозимки, маърифатпарвар бобомиз ўлимидан кейин “Решетников, 7” (ҳозирда Самарқанд шаҳри, Мир Саид Барака кўчаси, 47-уй), яъни “Самарқанд” газетаси, “Ойина” журнали таҳририяти, «Беҳбудий» нашриёти ходимлари фаолият кўрсатган уйни большевиклар тортиб олган. Бугунги кунда бу ерда Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги «Давлат мулкини ижарага бериш маркази» давлат унитар корхонаси фаолият юритмоқда.
Вилоят ҳокими ушбу корхонани бошқа жойга кўчириш, бинони тарихий музейга айлантириш учун Беҳбудий китоблари, у нашр эттирган дарслик ва газеталар, бобомиз билан боғлиқ осори-атиқа ва экспонатлар билан бойитиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.